Сунъий интеллект иқтисодиёт ва турли соҳалар ривожига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Бугунги кунда дунё миқёсида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал суръатларда ривожланиб, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида туб ўзгаришларни юзага келтирмоқда. Айниқса, телекоммуникация, саноат, давлат бошқаруви, таълим, тиббиёт ва молия соҳаларида интеллектуал ечимларни жорий этиш самарадорликни ошириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда янги ривожланиш имкониятларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, замонавий АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва сунъий интеллектга асосланган инновацион ечимларни татбиқ этиш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
“Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича менежери Александра Набиева бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлади:

– Интеллектуал технологиялар даври яқинлашмоқда. AI агентлар мобиль иловалардан тортиб ақлли уйлар, интеллектуал транспорт ва иқтисодиёт тармоқларигача бўлган соҳаларни тубдан ўзгартирмоқда. Бу эса юқори тезликдаги алоқа ва катта ҳисоблаш ресурсларига таянган ишончли АКТ инфратузилмасини шакллантиришни талаб қилади.
Шу мақсадда 2026 йил 20-24 апрель кунлари компания офисида анъанавий “Digital Week 2026” тадбири бўлиб ўтди. Тадбир телекоммуникация, давлат секторини рақамлаштириш, саноат ва ижтимоий соҳалар учун энг сўнгги инновацион ечимларга бағишланди. Ҳафта давомида “Advancing All Intelligence” мавзусида алоқа операторлари, интернет провайдерлари, давлат муассасалари мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари учун таништирув турлари ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда рақамли трансформация суръатлари тезлашаётгани инобатга олиниб, тадбир доирасида АКТ соҳасидаги асосий тенденциялар, AI-марказлашган архитектурага эга тармоқлар учун илғор ечимлар ҳамда интеллектуал тармоқларни қуриш бўйича амалиётлар тақдим этилди. Ушбу ечимлар илк бор 2026 йил март ойида Барселона шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон мобил конгрессида намойиш этилган эди. Биз телекоммуникация соҳаси учун AI-марказлашган тармоқлар, ҳисоблаш қувватларини ривожлантириш ва оптик инфратузилмани такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдик.
“AI-Centric Network” ечимлари тармоқ жараёнларини автоматлаштириш ва хизматлар сифатини ошириш имконини беради. Бу ёндашув операторларга самарадорликни ошириш, тармоқ сифатини яхшилаш ва янги даромад манбаларини яратади.
Ҳафталикда медиа соҳаси вакиллари маълумотларни сақлаш тизимлари, тармоқ ечимлари ва киберхавфсизлик технологиялари билан таништирилди. Шунингдек, ОАВ учун алоҳида сессияда компаниянинг 2025 йилдаги фаолияти натижалари тақдим этилди.
Тақдимотда компаниямизнинг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари, инвестиция сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2025 йилда R&D харажатлари йиллик даромаднинг 21,8 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, маҳаллий ҳамкорлик экотизимини ривожлантириш ва таълим дастурларини қўллаб-қувватлашга доир ташаббуслар амалга оширилди.
Режаларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон халқаро технологик компаниялар учун қулай марказга айланаётгани сабабли 2026 йилдан мамлакат Марказий Осиё учун минтақавий хаб сифатида белгиланди. Таълим соҳасида компания “ICT Academy” асосида 20 та университетда фаолият олиб бориб, талабаларга халқаро сертификат олиш ва “ICT Competition” мусобақасида иштирок этиш имкониятини яратиб бермоқда. Шунингдек, 2026 йил июнь ойида Ўзбекистондан икки жамоа Хитойда бўлиб ўтадиган глобал финалда иштирок этиши режалаштирилган.
Компания сунъий интеллект йўналишидаги миллий таълим ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Aileaders.uz платформасида AI, булутли технологиялар ва Big Data бўйича курслар очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилган бўлиб, 2026 йил апрель ойидан айрим курслар ўзбек тилида ҳам тақдим этилади. Келгусида эса рақамли таълимни янада кенгайтириш, университетлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш туфайли Ўзбекистоннинг глобал рақамли бозордаги ўрнини кучайтириш мақсад қилинган.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.