Истиқболли инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
Минск шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳудудлар кооперацияси — Беларусь ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигининг драйвери” мавзусидаги Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг III форуми доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо вазири В.Жоллибеков ва Нукус тумани ҳокими З.Зайтов Минск вилояти ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари В.Сисоев билан расмий учрашув ўтказишди.
Мулоқот чоғида Қорақалпоғистон Республикасида, жумладан, Нукус туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалари, саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида Нукус тумани саноат зонаси ва Минск очиқ иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. Шундан сўнг Қорақалпоғистон делегацияси Гродно вилояти ижроия қўмитаси раиси Юрий Караев билан учрашди. Унда томонлар Гродно вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий соҳалар тўғрисидаги битимни имзолади. Шу билан бирга Нукус ва Гродно туманлари ўртасидаги ўтган йилги келишув янада давом этиши қайд этилди.

Учрашувлар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, инвестиция лойиҳаларини амалий босқичга олиб чиқиш ва ҳудудлар ўртасидаги шериклик алоқаларини янада ривожлантириш борасида келгусида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Ташриф давомида Қорақалпоғистон делегацияси Беларусь Республикаси ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, саноат ва бошқа корхоналарда бўлиб, у ердаги иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири