Истеъмолчилар мурожаати ижобий ҳал этилмоқда
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги “Арал” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Самуратов Нукус шаҳридаги “N.N” масъулияти чекланган жамияти корхонасидан 15 миллион 500 минг сўмга қуёш панелини сотиб олган.
Бироз вақтдан сўнг қурилмада носозлик юзага келган ва корхона ходимлари унинг айрим қисмларини олиб кетиб, қайта алоқага чиқмаган. Истеъмолчининг Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати Нукус шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходими томонидан тезкорлик билан ўрганилди. Корхона раҳбари билан олиб борилган музокаралар натижасида қуёш панелидаги носозлик тўлиқ бартараф этилиб, ишлаб турган ҳолатда истеъмолчига топширилди.
Шунингдек, Амударё туманида яшовчи Р.И. Нукус шаҳридаги “I” дўконидан 8 миллион 799 минг сўмга ноутбук сотиб олади. Лекин орадан 2 кун ўтмай ишламай қолади. Сервис маркази ноутбукда завод нуқсони борлигини тасдиқлайди.
Истеъмолчи Федерациянинг Telegram боти орқали мурожаат йўллайди. Нукус шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларининг саъй-ҳаракати ва дўкон раҳбарлари билан олиб борилган тушунтиришлар натижасида, қонун талабига мувофиқ, 8 миллион 799 минг сўм пул истеъмолчининг пластик картасига тўлиқ ўтказиб берилди.

Нукус шаҳри “Темир йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро А.Базарбаева Нукус шаҳридаги “I.E” клиникасида кичик фарзанди учун таҳлил топширган. Унинг жавобини Telegram тармоғи орқали юборишни сўраб қўнғироқ қилганида, клиника ходимлари қўпол муносабатда бўлганлиги ва 3 соат ичида жавоб юборилмаганлиги сабабли норозилик билдириб мурожаат қилган.
Нукус шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида, шифохона даволаш-диагностика жавоблари фуқаронинг Telegram рақамига электрон тарзда юборганлиги аниқланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири