Муаллифлик ҳуқуқи: семинар-тренинг ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ахборот-ресурс марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ойлиги” доирасида амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
“Кутубхона ва муаллифлик ҳуқуқи: кутубхоначи нималарни билиши керак?” ҳамда “Муаллифлик ҳуқуқи, плагиат ва академик ҳалоллик” мавзуларига бағишланган тадбирда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, кутубхона фаолиятида муаллифлик ҳуқуқи талабларига риоя этиш ва таълим жараёнида академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали мутахассислари, шунингдек, институт ҳамда ҳамкор олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари ходимлари иштирок этди.

Семинарда мутахассислар томонидан замонавий кутубхоналарда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, электрон ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчилик талаблари ва соҳадаги долзарб масалалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, илмий ва ижодий ишларда плагиатнинг олдини олиш, фойдаланилган манбаларга тўғри ҳавола бериш, иқтибос келтириш қоидаларига амал қилиш ҳамда талаба-ёшлар ўртасида академик ҳалоллик маданиятини шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар. Хусусан, ноёб китобларни рақамлаштириш жараёнида муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш, антиплагиат дастурларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳамда муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Мазкур семинар-тренинг кутубхона ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, интеллектуал мулкка ҳурмат билан муносабатда бўлиш, илмий фаолиятда плагиатнинг олдини олиш ҳамда таълим муҳитида академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири