Иссиқхона хўжаликлари учун имтиёзлар: харажатлар камаяди, самарадорлик ошади
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, йил давомида бозорни янги маҳсулотлар билан таъминлаш ва тадбиркорлар даромадини кўпайтиришда иссиқхона хўжаликларининг ўрни катта. Бироқ бундай хўжаликни юритиш, айниқса, совуқ мавсумда, катта харажат талаб қилади.
Иситиш тизимлари учун сарфланадиган электр энергияси, ускуналарни сақлаш ва ишлаб чиқариш харажатлари тадбиркорнинг даромадига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис соҳада барқарор фаолият юритиш учун фақат маҳсулот етиштиришнинг ўзи кифоя қилмайди – харажатларни камайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳам зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 октябрдаги “Илғор “яшил” технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни эҳтиёжлардан келиб чиқиб, иссиқхоначиликни ривожлантириш учун янги имкониятларни белгилаб берди.
Ҳужжатда солиқ енгилликлари, энергия харажатларининг бир қисмини қоплаш, замонавий иситиш ускуналарини харид қилиш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби механизмлар назарда тутилган. Муҳими, бу чоралар тадбиркорларнинг бугунги харажатларини енгиллаштириш билан бирга, келгусида энергия тежамкор ва иқтисодий жиҳатдан самарали хўжаликларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси ноль фоиз этиб белгиланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналарининг ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилишдан олган фойдасига ҳам ноль фоизлик фойда солиғи ставкаси қўлланилади. Бу чоралар ишлаб чиқарувчиларнинг солиқ юкини камайтириш, молиявий имкониятларини кенгайтириш ва хўжалик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади.
Бундан ташқари, иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган иссиқхона хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача 1 фоиз этиб белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача иссиқхона фаолиятидан даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулкка солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача иссиқлик энергиясини тежовчи махсус қопланма “кўрпа” билан қопланган ва (ёки) энергия самарадор “яшил” иситиш воситаларидан фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Умуман олганда, мазкур қарорнинг бош мақсади, иссиқхона хўжалигида иқтисодий манфаатдорлик ва энергия самарадорлигини уйғунлаштиришга қаратилган. Ишлаб чиқариш харажатларининг оптималлашиши, замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ҳамда томорқа ерларидан унумли фойдаланиш оилалар даромадини ошириш, шунингдек, аграр тармоқ салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, иссиқхоначиларга кўрсатилаётган давлат кўмагининг пировард натижаси, етиштирилган маҳсулот ҳажми, унинг таннархи пасайиши ва хўжаликнинг барқарор даромадлилигида ўз аксини топиши лозим.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА