Иссиқлик электр станцияларида қандай ишлар амалга оширилди? – Мутахассис жавоб берди
Бугун Миллий матбуот марказида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ масъуллари иштирокида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда жамият Ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Ғолибжон Салимёров мавсумга тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
– Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 та корхона фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда.
Куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш, ускуналар ишончлилигини ошириш ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 393 та банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Маълум қилинишича, дастурда белгиланган барча чора-тадбирлар тўлиқ бажарилди.
Жорий йилда 28 та асосий қурилмада мукаммал ва ўрта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 5 та энергоблок, 12 та қозон, 3 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина ускунаси, 2 та газ-поршенли агрегат ҳамда 3 та турбогенератор таъмирланди.
Бундан ташқари, қўшимча текширувлар давомида камчиликлари аниқланган 12 та энергоқурилмада кенгайтирилган жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 116 МВт ишлаб чиқариш қувватини тиклаш, шунингдек, қозонларнинг буғ ишлаб чиқариш қувватини соатига 60 тоннага ошириш имконияти яратилди.
Куз-қиш мавсумида 14,2 миллиард кВт·соат электр энергияси ва 5,9 млн Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун 3,2 миллиард куб метр табиий газ ва 3,1 миллион тонна кўмир сарфланиши кўзда тутилган.
[gallery-31973]
Белгиланган режаларни бажариш учун станцияларнинг мавжуд қувватларидан самарали фойдаланиш, ёқилғи ресурсларини тежаш ва уларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ёқилғини қабул қилиш ва сақлаш тизимлари техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадида 5 та корхонада 10 та қўшимча газ тозалаш фильтри ўрнатилди. Шу билан бирга, 11 та чанг-газ тозалаш қурилмасида таъмирлаш ишлари бажарилди.
Корхоналарда 19 та автоматик экологик мониторинг станцияси ўрнатилиб, тегишли ахборот тизимларига интеграция қилинди. Санитария-муҳофаза зоналаридаги 23 та экологик кузатув постининг 19 таси ҳам ахборот тизимларига уланди. Бундан ташқари, 8 та экологик лабораторияда ҳаво ва сув сифати мунтазам текшириб борилмоқда.
Барча электр станциялари ва марказларда энергоқурилмаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида тезкор штаблар ташкил этилган. Уларга 2 мингдан ортиқ мутахассис ва 64 та махсус техника бириктирилган. Шунингдек, 68 та навбатчилик гуруҳи кечаю кундуз фаолият олиб бормоқда.
Мавсумни барқарор ўтказиш мақсадида ситуацион-таҳлилий онлайн диспетчерлик маркази ҳам 24 соатлик иш режимида фаолият юритмоқда.
Айтиш жоизки, бундай ишлардан кўзланган асосий мақсад аҳолини куз-қиш мавсумида электр ва иссиқлик энергияси билан барқарор, узлуксиз ҳамда ишончли таъминлаш, мавсумни беталафот ўтказиш ва истеъмолчиларнинг энергия таъминотига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришдан иборат.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА