Ислоҳотлар ижросидаги фаол профилактика инспектори
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизим самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган бу жараёнлар, аввало, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Ана шундай ислоҳотларни жойларда самарали амалга ошираётган ходимлардан бири — Бухоро шаҳар ички ишлар органларини мувофиқлаштириш бўлими 2-ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори Мунаввара Раҳматовадир.
[gallery-28674]
Сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилактик ёндашув кучайтирилиб, маҳаллалар кесимида манзилли ишлаш тизими кенг жорий этилди. Бу эса профилактика инспекторлари зиммасига катта масъулият юклайди. Эндиликда улар нафақат содир этилган ҳуқуқбузарликларга муносабат билдириш, балки уларнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Мунаввара Раҳматова ўз фаолиятида ушбу тамойилларга амал қилади. У ҳудудидаги оилалар ҳолатини ўрганиб, муаммоларни эрта босқичда аниқлаш ва бартараф этишга эътибор қаратади. Айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасида тизимли иш олиб бормоқда.
Инспектор маҳаллаларда профилактик суҳбатлар ўтказиб, аҳоли, жумладан ёшлар ва аёллар билан учрашувлар ташкил этади. Жиноятчиликка мойил шахслар билан якка тартибда иш олиб бориб, уларни тўғри йўлга йўналтириш чораларини кўради. Бу ёндашув орқали қатор ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
М. Раҳматова ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганиб, муаммонинг ечимига эришишга интилади. Унинг фаолияти ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА