Япония Либерал-демократик партияси билан онлайн мулоқот ўтказилди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Япония Либерал-демократик партияси вакиллари билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати маълум қилди.
Унда Япония Либерал-демократик партияси (ЯЛДП)нинг Таро Коно бошчилигидаги партия халқаро бюроси раҳбарияти ва мамлакат парламентидаги депутатлари, Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси М.Т.Абдураҳмонов иштирок этди. O‘zLiDeP студиясидан эса партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов, партия Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари қатнашди.

Учрашув давомида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон – Япония муносабатлари кенгайиб бораётгани, ҳамкорлик алоқалари иқтисодий соҳадан ташқари маданий, гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олаётганига урғу берди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи ва имзоланган келишувлар ўзаро муносабатларнинг янги даражага кўтарилишида алоҳида ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди. Икки томонлама муносабатларнинг кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилгани муносабатларнинг янги сифат даражасидан далолат беришига эътибор қаратилди.
Япония томони Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда таълим, иқтисодиёт ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билан қараётганини таъкидлади. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорликнинг самарали амалга оширилишида етакчи сиёсий партияларнинг ҳамкорлиги муҳим ўрни тутиши қайд этилди.
Музокараларда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдириб, бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА