Ишончга хиёнат бўлмайди
Солиқ тизимида қонун устуворлиги, очиқлик ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Жиззах вилояти солиқ бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва хизмат интизомини кучайтириш бўйича қатъий вазифалар белгилаб олинди.
Жиззах вилояти солиқ бошқармасининг мажлислар залида тизим фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат вазифаларини виждонан адо этиш, очиқлик ва шаффофлик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги барча ҳудудий солиқ инспекциялари раҳбарлари ва ходимлари онлайн тарзда иштирок этди. Мулоқот давомида соҳада тартиб-интизомни кучайтириш, ҳар бир ходимнинг масъулиятини ошириш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда ҳалоллик маданиятини кундалик фаолиятнинг ажралмас қисмига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, солиқ органлари давлат ва жамият ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини бажаради. Шу боис тизимда меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг касбий фаолияти нафақат қонун талабларига, балки юксак ахлоқий мезонларга ҳам мос бўлиши лозим.
Йиғилишда сўз олган Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камол Эргашев бу борадаги вазифаларга алоҳида тўхталди.

— Солиқ хизмати ходими ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши, ҳар бир қарор ва ҳаракати ортида давлат манфаати ҳамда халқ ишончи турганини унутмаслиги зарур. Коррупция — бу оддий қонунбузарлик эмас. У давлат идорасига бўлган ишончни емирувчи, тизим обрўсига путур етказувчи ва адолат тамойилларига рахна солувчи оғир иллатдир. Шунинг учун бу каби ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг бурчи бўлиб қолмоқда, — деди Камол Эргашев.

Шунингдек, очиқлик ва шаффофлик солиқ органлари фаолиятининг бош мезони экани қайд этилди. Таъкидланганидек, ҳар қандай натижа фақат ҳалол меҳнат, пок виждон ва юксак масъулият ҳисси орқали қўлга киритилгандагина қадрли бўлади. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг солиқ хизматига бўлган ишончини мустаҳкамлаш эса айнан ана шу тамойилларга оғишмай амал қилиш орқали таъминланади.
Йиғилиш якунида хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, ички назорат механизмлари самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда тизимда ҳалоллик муҳитини янада қарор топтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари