Иқлим инқирози: нимани энди ортга қайтариб бўлмайди?
Иқлим ўзгариши оқибати аллақачон сезила бошланган, аммо энг оғир ҳолат ҳали ёзиб бўлинмаган. 30 га яқин давлатнинг 70 дан зиёд олими тайёрлаган янги ҳисоботга кўра, дунё 1,5 даражалик исиш чегарасидан ошса, денгиз, муз ва абадий музликларда тузатиб бўлмайдиган салбий ўзгариш хавфи кескин ортади.
Олимлар бугунги қарор эртанги зарар кўламини белгилашини таъкидламоқда. Океан инсон фаолияти туфайли рекорд даражада иссиқликни ютиб, келгуси йилларда исиш ва денгиз сатҳи кўтарилишини кучайтиради. Музлик ва муз қатлами эриши соҳил ҳудудида тошқин хавфини оширади. Чучук сув масаласи ҳам тобора жиддийлашмоқда: БМТ маълумотига кўра, 2030 йилга бориб ҳар икки кишидан бири жиддий сув танқислигига дуч келиши мумкин. Озиқ-овқат тизими ер юзи бўйлаб тарқалаётган буғ гази чиқиндисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил қилади. Ҳисоботда гўшт ва ҳайвонот маҳсулотлари билан боғлиқ ишлаб чиқариш озиқ-овқат тизимининг иқлимга салбий таъсирида асосий омил экани қайд этилган.
Янги тадқиқот иқлим муаммоси энди фақат табиат ҳақида эмаслигини ҳам кўрсатмоқда. Углерод чиқиндисининг иқтисодий зарари аввал ҳисоблангандан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин. Олимлар айрим компанияларда чиқиндини муайян иқлим зарари билан боғлаш имкони пайдо бўлаётганини айтмоқда. Иқлим сиёсатига қарши таъсир ҳам ўзгарган: очиқ инкор ўрнини “яшил” имиж яратиш, нотўғри маълумот тарқатиш ва лоббичилик каби яширинроқ усуллар эгалламоқда. Уруш ва энергия хавфсизлиги учун рақобат давлатларнинг яшил энергетикага ўтишини янада мураккаблаштиряпти. Олимлар хулосаси эса аниқ: инсоният айрим оқибатни энди тўхтата олмаслиги мумкин. Ҳар бир қўшимча даража ва кечиктирилган қарор эса келажакдаги зарар кўламини янада оширади.
Мусулмон Зиё, ЎзА