Бошқирд давлат педагогика университети билан ҳамкорлик ўрнатилди
Мамлакатимизда туркий давлатлар билан алоқа янги босқичга кўтарилгани сир эмас. Айниқса, бу давлат сиёсати даражасига чиқаётгани юртимиз келажагининг мустаҳкам ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Негаки, тили, маданияти ва қадриятлари яқин бўлган миллатларнинг дўстлиги жаҳон майдонида кенг имкониятлар эшигини очади.
Давлатимиз раҳбарининг ана шундай ташаббуси ва саъй-ҳаракатларининг амалий ифодаси ўлароқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида М.Акмулла номидаги Бошқирд давлат педагогика университети делегацияси билан учрашув ташкил этилди. Ташрифдан кўзланган мақсад икки олий таълим муассасаси ўртасидаги илмий-таълимий алоқаларни ривожлантириш, туркология йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда академик алмашинув имкониятларини мустаҳкамлашдан иборат.
Учрашув давомида икки университет фаолияти, таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор йўналишлар, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар, аввало, туркология йўналишида илмий ҳамкорликни кучайтириш, туркий халқлар тиллари, адабиёти ва маданиятини ўрганишга қаратилган қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Мулоқот чоғида ТошДЎТАУнинг хорижий ҳамкорлар билан олиб бораётган ишлари, университет ҳузурида фаолият юритаётган “Ўзбек мактаби” фаолияти ҳамда ўзбек тилини халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, Бошқирд давлат педагогика университетида фаолият юритаётган Ўзбек тили ва маданияти маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг таълимий ва маданий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Бошқирд давлат педагогика университетида “Узачадемй” платформаси асосида ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, у ўзбек тилини замонавий рақамли технологиялар асосида ўқитиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, томонлар профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар учун академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий конференциялар, семинарлар ва маърузалар ташкил этиш, илмий нашрлар тайёрлаш ҳамда туркология соҳасидаги истиқболли тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Учрашув якунида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда М.Акмулла номидаги Бошқирд давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасидаги илмий, таълимий ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, академик ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда туркий дунё олий таълим муассасалари ўртасидаги интеграцион жараёнларни янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА