Инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти намойиш этилди
Қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, элчихоналар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари Андижонда бўлди.
Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, замонавий саноат корхоналари, инновацион лойиҳалар ҳамда инфратузилма объектлари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган элчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари Андижон халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ушбу ташриф Андижоннинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш, янги халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун янада кенг имкониятлар эшигини очади.
Дастлаб, меҳмонлар Олтинкўл туманида жойлашган Андижон мебель марказида бўлиб, марказ фаолияти, ҳудудда тадбиркорларга, ишлаб чиқарувчиларга яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
[gallery-28640]
Мебель марказидаги замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳамда маҳсулот тайёрлашга инновацион ёндашувлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур марказ нафақат ҳудуд саноатининг муҳим қисми, балки юқори экспорт салоҳиятига эга йирик лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилди.
Мутасадди ва мутахассислар томонидан элчиларга мебель ишлаб чиқариш жараёнлари, илғор технологиялар ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Шунингдек, меҳмонлар Андижон шаҳридаги “DINAR GROUP” ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Корхонадаги илғор ва замонавий иш иш услублари, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига юқори баҳо берди. Асосан, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, маҳсулотларнинг аксарият қисми экспорт қилинаётган ушбу корхонада айни кунда бир минг нафардан зиёд киши меҳнат қилади.
Шундан сўнг меҳмонлар Андижон шаҳрининг Марказий деҳқон бозорида, Жоме мажмуаси – Регистон майдонида бўлди. Андижон бозорининг тўкинлиги, халқимизнинг қадим тарихига хос меъморий обида уларда катта таассурот қолдирди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий маданият ва истироҳат боғи эса меҳмонларни янада мафтун этди.
Боғи Бобур нафақат ҳордиқ маскани, балки буюк саркарданинг бой маънавий оламини дунёга танитувчи марказ ҳисобланади. Боғдаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида эса Бобурнинг ҳаёти ва ижодига оид нодир қўлёзмалар, “Бобурнома”нинг турли тиллардаги нашрлари ҳамда бобурийлар сулоласи томонидан яратилган санъат асарлари жамланган.
Боғнинг марказий қисмидаги Бобурнинг рамзий қабрини зиёрат қилиш меҳмонлар учун муҳим воқелик бўлди.
“Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган тақдимотда Андижон вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти намойиш этилди.
Тақдимотда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, ҳудуднинг юқори иқтисодий имкониятлари, қулай инвестиция муҳити ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ҳақида кенг маълумотлар берди.
Мазкур тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва самарали келишувларга эришиш учун замин яратди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.