Туризм соҳасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” доирасида ташкил этилган маданий-ишбилармонлик тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Тожиев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Ташриф дастури доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилиб, унда Санкт-Петербург шаҳри туризм соҳаси вакиллари, туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ва инвесторлар қатнашди.


Тақдимот давомида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги туристик маҳсулотлар ҳамда инвестицион имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, тадбир доирасида B2B форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.


Шунингдек, бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Хусусан, Санкт-Петербург шаҳри губернатори ўринбосари Б.Пиотровский, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти касаба уюшмалари федерацияси раиси И.Кайнов, Санкт-Петербург шаҳар Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Е.Панкевич, Санкт-Петербург шаҳри Савдо-саноат палатаси департамент раҳбари И.Карпенко, “Островок”, “ВКонтакте” ва “Gazprom-Media Xolding” компаниялари вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА