Интеллектуал мулк идораларида натижага асосланган бошқарув
Самарқанд шаҳрида интеллектуал мулк идоралари учун стратегик лидерлик ва натижага асосланган бошқарув бўйича минтақалараро форум ўз ишини бошлади.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё, Кавказ, Шарқий Европа ҳамда араб мамлакатларининг интеллектуал мулк идоралари раҳбарлари ва вакиллари, халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти департамент директори Ҳабип Асан, БИМТ бўлим директори Жорж Гандур сўзга чиқиб, мазкур тадбир интеллектуал мулк идоралари ишини самарали ташкил этиш, ихтирочилар, ижодкорлар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича халқаро тажриба алмашишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Сўнгги йилларда интеллектуал мулк идораларининг роли сезиларли даражада ўзгарди, – дейди Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти департамент директори Ҳабип Асан. – Бизнес ва инноваторлар улардан инновацияларни ривожлантириш, иқтисодий ўсиш ҳамда рақобатбардошликни оширишга кўмаклашишни тобора кўпроқ кутмоқда. Шу боис фаолиятимизда айнан натижага йўналтирилган бошқарувни йўлга қўйиш энг муҳим масаладир.
Ўзбекистон адлия вазири ўз сўзида мамлакатимизда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ва муаллифлик ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бериб, креатив иқтисодиётни ривожлантиришда мазкур тармоқнинг роли ошиб бораётганини қайд этди.

– Бугун бизнинг асосий вазифамиз интеллектуал мулк тизимимизни модернизация қилишдан иборат, – деди А.Тошқулов. – Биз асосан ҳуқуқларни ҳимоя қилишга йўналтирилган моделдан одамларга интеллектуал активларни самарали бошқариш ва улардан иқтисодиётда фойдаланишга ёрдам берадиган моделга ўтишни мақсад қилганмиз. Чунки, интеллектуал мулк идораларининг фаолияти янги ихтиролар, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан бевосита боғлиқ.
Форумнинг биринчи кунги сессияларида интеллектуал мулк идораларининг ўзгариб бораётган вазифалари, раҳбарларнинг фаолиятни ташкил этишдаги ўрни ва узоқ муддатли мақсадларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, стратегик мақсадларни йиллик иш режаларига айлантириш, ҳар бир вазифа бўйича кутилаётган натижа, масъул ва муддатларни аниқ белгилаш ёндашувлари кўриб чиқилди. Мақсадлар идоранинг кундалик иши билан боғлиқ бўлиши ва уларнинг бажарилишини баҳолаш имкони мавжудлигига эътибор қаратилди.

– Халқаро тажрибада кўришимиз мумкинки, деярли барча ривожланган давлатлар интеллектуал мулкка асосланган иқтисодиёт юритади, – дейди адлия вазирлиги интеллектуал мулкни рўйхатга олиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Амир Қодиров. – Уларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари янги технологиялар, брендлар, ноу-хауларга асосланган. Шу жиҳатдан, бугун мамлакатимизда ҳам ушбу соҳага алоҳида эътибор берилмоқда. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда интеллектуал мулк соҳасини 2027-2030 йилларда ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиққанмиз. Қолаверса, бу борада бошқа давлатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бугунги тадбиримиз ҳам шу мақсадга қаратилган. Умуман, кейинги уч йилда ушбу йўналишда юртимизда олтита халқаро тадбир ўтказилгани мазкур соҳага қанчалик катта эътибор қаратилаётганининг ёрқин ифодасидир. Бунинг натижасида айни пайтда интеллектуал мулкдан фойдаланиш ва ривожлантириш бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнимиз мустаҳкамланиб бормоқда.
Форумда интеллектуал мулк идоралари ишини аҳоли ва бизнес эҳтиёжларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар хизмат кўрсатиш жараёнларини яхшилаш, экспертиза сифатини ошириш, аризаларни кўриб чиқиш муддатларига риоя этиш ва мурожаатчиларнинг қониқиш даражасини ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
[gallery-32715]
– Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг таклифи билан мазкур форумда қатнашаётганимиздан хурсандмиз, – дейди Қозоғистон Республикаси адлия вазирлигининг интеллектуал мулк ҳуқуқлари қўмитаси раиси Шўлпан Абдреева. – Бугун интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантириш мамлакат тараққиётининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон адлия вазири қайд этганидек, бизда ҳам бугун креатив иқтисодиётда интеллектуал мулкнинг аҳамияти ошиб бормоқда ва шунинг учун соҳага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мамлакатга инвестицияларни кенг жалб қилиш ва кафолатлашда мазкур соҳа билан бевосита боғлиқ. Бу борада халқаро тажриба ва минтақа давлатлари амалиётини ўрганиш барчамиз учун манфаатли бўлиши табиий.

Халқаро анжуман муҳокамаларнинг муҳим мавзуларидан яна бири идора фаолиятини бажарилган ишлар сони билан бирга, уларнинг амалий натижаси асосида ҳам баҳолаш бўлди. Бунда интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва мамлакат иқтисодий ривожланишига қўшилган ҳисса идоралар фаолиятининг муҳим амалий натижалари сифатида қайд этилди.
Форумнинг иккинчи кунги сессияларида интеллектуал мулк идораларининг кундалик фаолиятини таҳлил қилиш ва маълумотларга таянган ҳолда қарор қабул қилиш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари