Инспекция жамоаси — "Раҳбар кубоги – 2026" ғолиби!
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тизим ташкилотлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоавий бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган анъанавий "Раҳбар кубоги – 2026" спорт мусобақаси ўз якунига етди. Мазкур нуфузли турнирда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси жамоаси 1-ўринни қўлга киритди.
Мусобақанинг гуруҳ босқичлариданоқ юқори тайёргарлик ва матонат намойиш этган инспекция жамоаси барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Айниқса, ярим финал баҳсида Стандартлар институти жамоаси устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалаба уларни бош соврин сари яқинлаштирди.

Ҳал қилувчи финал учрашуви Метрология институти жамоасига қарши кечиб, ўйин ўта кескин ва муросасиз руҳда ўтди. Шунга қарамай, майдонда тўлиқ устунлик қилган инспекция вакиллари рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол йўллаб (3:0), чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.
Тантанали ёпилиш маросимида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбари Акмал Жуманазаров иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни самимий қутлади.

Мусобақа якунида чемпион жамоага махсус кубок, сертификатлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Жамоанинг ушбу муваффақияти нафақат спорт соҳасида, балки касбий фаолиятдаги аҳилликнинг ҳам ёрқин намунаси бўлди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА