Арнасойда сувни аниқ ўлчаш маданияти шаклланмоқда
Бугун сув нафақат табиий неъмат, балки стратегик бойлик сифатида қадрланаётган даврда унинг ҳар бир томчисини ҳисоб-китоб асосида бошқариш ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ўтказилган навбатдаги ўқув-амалий машғулот ана шу муҳим мақсадга хизмат қилди.
Туманнинг “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан ЛР-18-6 суғориш тармоғида ташкил этилган тадбир гидрометрия ва сув ҳисоб-китобини юритишнинг замонавий усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.
Мазкур ҳужжатда сув ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш, сув мониторинги ва ҳисоботларини рақамлаштириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда гидротехник иншоотлар фаолияти самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.
Арнасойдаги амалий машғулот айнан шу вазифалар ижросининг ҳаётдаги ифодаси бўлди. Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан сув сарфини ўлчашнинг аниқ механизмлари, гидрометрик кузатувларни ташкил этиш, сув ҳисоб-китоби ҳужжатларини юритиш ва маълумотларни тизимлаштириш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувларни жорий этиш, суғориш тармоқларида ҳисоб-китоб аниқлигини таъминлаш ва шаффофликни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, сувни тежаш аввало уни тўғри ҳисоблашдан бошланади. Чунки аниқ ҳисоб юритилган жойда исрофгарчиликка ўрин қолмайди, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ортади. Айниқса, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кучайиб бораётган бугунги шароитда гидрометрия хизмати зиммасига юкланадиган масъулият ҳар қачонгидан ҳам ортмоқда. Тадбир якунида иштирокчиларга сув ҳисобини юритишда аниқлик ва шаффофликни таъминлаш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА