Инсон қадрини улуғлаётган эзгу ташаббус
Инсон манфаатини таъминлаш, аҳоли дардини эшитиш ва ҳар бир мурожаатга амалий ечим топиш Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Бухоро вилоятида ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги “Бир оила – бир ҳомий” лойиҳаси аҳолининг ҳаёт сифати ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётган муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Лойиҳа орқали ҳар бир хонадоннинг дарди эшитилиб, эҳтиёжманд оилаларга манзилли кўмак кўрсатилмоқда, муаммолар эса депутатлик назорати асосида босқичма-босқич ҳал этилмоқда.
Шу муносабат билан ЎзЛиДеП Когон туман Кенгаши аппарат раҳбари М. Ҳошимов, туман Кенгаши депутатлари М. Шарипова ва У. Қурбонов бошчилигида туманнинг чекка ҳудудларида хонадонбай ўрганишлар ташкил этилди. Ташрифлар давомида аҳоли билан самимий мулоқотлар ўтказилиб, фуқароларнинг муаммо ва таклифлари тингланди, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.
Айниқса, Чолоки маҳалласи Қалқон қишлоғида яшовчи, болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган Наргиза Жабборованинг мурожаати эътибор марказида бўлди. Унинг соғлиғини сақлаш учун доимий қабул қилиши зарур бўлган Карбамазепин дори воситаси билан таъминлаш масаласини ҳал этиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови юборилди. Бу эса мурожаатларни расмиятчилик эмас, балки амалий ечим асосида ҳал этишга қаратилган ёндашувнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Шунингдек, бир қатор эҳтиёжманд оилаларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари топширилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшилди. Бундай эзгу амаллар инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик тамойилларининг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ташрифлар чоғида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар, давлат томонидан берилаётган молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда бизнес юритиш имкониятлари бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди. Бу эса аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ва оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўрганишлар давомида партия фаоллари ва депутатлар 26 га яқин хонадонда бўлиб, ҳар бир мурожаатни алоҳида ўргандилар. Жойида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди, қўшимча вақт талаб этадиган мурожаатлар эса депутатлик назоратига олиниб, уларнинг ижроси бўйича аниқ чоралар белгиланди.
“Бир оила – бир ҳомий” лойиҳаси нафақат эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, балки халқ билан очиқ мулоқот қилиш, ҳар бир инсоннинг дардига қулоқ тутиш ва муаммоларга амалий ечим топишнинг самарали механизмига айланмоқда. Энг муҳими, бундай ташаббуслар орқали “Инсон қадри – энг олий қадрият” деган эзгу тамойил ҳаётда ўзининг ҳақиқий ифодасини топиб, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва умидини янада мустаҳкамламоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири