Инсон манфаатларини кўзлаган рақамли давлат сари: ФҲДЁ соҳасидаги янгиликлар ва уларнинг аҳамияти
Инсон ҳаётининг энг муҳим воқеалари — туғилиш, никоҳ, фарзанд кўриш, ажралиш, исм ёки фамилияни ўзгартириш ва вафот каби ҳолатлар давлат томонидан расман қайд этилади. Бу вазифани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари бажаради.
ФҲДЁ ёзувлари шунчаки расмий ҳужжатлар эмас, балки инсоннинг ҳуқуқий мақоми, оилавий муносабатлари, мерос, фуқаролик ҳамда ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларининг мустаҳкам асосидир. Шу боис бу соҳадаги ислоҳотлар бевосита ҳар бир фуқаронинг манфаати ва турмуш фаровонлигига дахлдордир.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ФҲДЁ соҳаси ҳам тубдан янгиланди. Тизим ортиқча қоғозбозлик ва навбатлардан халос бўлиб, рақамли, шаффоф ҳамда инсонга йўналтирилган замонавий хизмат турига айланди. Соҳадаги энг йирик ўзгаришлардан бири — фаолиятнинг тўлиқ рақамли асосга ўтказилганидир. Ягона электрон ахборот тизими яратилиб, туғилиш, никоҳ, ажралиш ва вафот тўғрисидаги ёзувлар электрон шаклда юритила бошланди. Йиллар давомида қоғозда сақланган архив ёзувларининг рақамли базага киритилиши ҳужжатларнинг йўқолиши ёки шикастланиши хавфини бартараф этиб, зарур маълумотларни бир неча дақиқада топиш имконини яратмоқда. Бу эса мерос, пенсия ва ижтимоий ёрдам олишда фуқаролар ҳуқуқларининг абадий ва ишончли сақланишини таъминлайди.
Илгари фуқаро ҳар бир хизмат учун бир неча идорага қатнаб, турли маълумотномалар йиғишга мажбур бўлган бўлса, бугун кўплаб хизматлар масофадан, онлайн тарзда ёки Давлат хизматлари марказлари орқали «бир дарча» тамойилида кўрсатилмоқда. Масалан, боланинг туғилиши тиббиёт муассасаси билан боғланган интеграциялашган тизим орқали тезкор қайд этилиб, гувоҳнома ота-онага қисқа муддатда топширилмоқда. Никоҳ ёзувига аризаларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилгани фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаб, идоралараро бевосита мурожаатларни камайтириш орқали коррупция омилларини бартараф этмоқда.
Шу билан бирга, идоралараро электрон маълумот алмашинувининг йўлга қўйилгани «инсон ҳужжат учун эмас, ҳужжат инсон учун» тамойилининг амалий ифодаси бўлди. Бу тизим давлат хизматларини содда, тушунарли ва ҳамма учун очиқ қилиб, айниқса аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ва узоқ ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун катта қулайликлар яратмоқда.
Соҳадаги янгиликлар оила институтини мустаҳкамлашга ҳам бевосита йўналтирилган. Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш талаби бўлажак оила ва фарзандлар саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда. Никоҳ ёшининг қизлар учун ҳам 18 ёшга тенглаштирилиши эрта никоҳларнинг олдини олишда муҳим омил бўлди. Ажралиш ҳолатларида тарафларга муросага келиш учун муддат берилиши эса оилаларни сақлаб қолишга ёрдам бермоқда. Бу чоралар оилани нафақат шунчаки рўйхатга олиш объекти, балки жамиятнинг асосий ва муқаддас бўғини сифатида муҳофаза қилади.
Бундан ташқари, ёзувлардаги хато ва ноаниқликларни тузатиш тартиби соддалаштирилиб, фуқароларнинг судга бормасдан, ФҲДЁ органининг ўзида кўплаб масалаларни ҳал этишига имкон яратилди. Ҳужжатларни халқаро миқёсда тан олиниши (апостиль) ҳамда чет элда яшовчи ватандошларга хизмат кўрсатиш механизмларининг такомиллаштирилиши фуқароларимизга ўз ҳуқуқий ҳужжатларидан хорижда ҳам эркин фойдаланиш имконини бермоқда.
Юқоридаги ўзгаришлар яхлит ва мустаҳкам тизим сифатида ишламоқда. Улар инсоннинг ҳуқуқий мақомини ишончли ҳимоя қилади, шаффофликни ошириб, давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлайди ҳамда давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатни «идора устунлиги»дан «инсон манфаати устунлиги» тамойилига бурмоқда. Ушбу ислоҳотлар Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон қадр-қиммати, оила ва болалар манфаатини олий қадрият деб эътироф этиш тамойилларининг кундалик ҳаётдаги амалий ифодасидир. ФҲДЁ соҳасидаги янгиликлар шунчаки маъмурий ўзгаришлар эмас, балки инсонга муносабатнинг янги фалсафаси бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг «Инсон қадри учун» деган улуғ ғоясини ҳар бир оила ва фуқаро ҳаётида рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Нилуфар ЮСУФБЕКОВА,
Олмазор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси