Инсон манфаати – олий мезон: маъмурий бюрократиядан халққа хизмат қилиш тизимига ўтишнинг ўн йиллик манзараси
Инсон ва давлат... Илгари бу икки тушунча ўртасида кўринмас, аммо баланд ва мустаҳкам “деворлар” бор эди. Олис ва яқин ўтмишимизни бир эсланг, ўз юртинг ичида бир вилоятдан иккинчисига ўтиш учун блокпостларда соатлаб навбатда туриш, пойтахтда яшаб, ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган машъум “прописка” тушови, оддийгина бир маълумотнома олиш учун ҳафталаб навбат кутиб идоралар ўртасида сарсон бўлиш. Буларнинг бари фуқаронинг давлатга бўлган ишончини сусайтирган, Конституцияда мустаҳкамланган эркин ҳаракатланиш ва ривожланиш ҳуқуқини чеклаган тўсиқлар эди.
Шукурки, охирги 8–10 йилда мамлакатимизда кечаётган маъмурий ислоҳотлар ана шу музларни эритиб юборди. Янги Ўзбекистоннинг бош ғояси – “Инсон қадри учун” деган тамойил шунчаки чиройли шиор сифатида қолиб кетмади. У давлат аппаратининг мазмунини, мансабдорнинг фикрлаш тарзини ва жамиятдаги муҳитни тубдан ўзгартирган кучли ислоҳотга айланди. Бугун ортга қараб, шу йиллар ичида ижро ҳокимияти, давлат хизматларини кўрсатиш ва бюрократияга қарши курашда эришилган натижаларни бир нафасда кўздан кечириш, истиқболдаги вазифалар ҳақида мушоҳада юритиш мумкин.
Янги давр маъмурий ислоҳотларининг энг катта тарихий ва ижтимоий ғалабаларидан бири – бу инсоннинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқининг қайтариб берилиши бўлди. Бугун ўша кунларни жилмайиш билан эсга оламиз, у пайтларда Тошкентнинг ўзига хос, ёзилмаган “қоидалари” амал қиларди. Пойтахтда тирикчилик қилиш, каттароқ мақсадлар сари интилиш имкониятлари кенгроқ, электр таъминоти барқарор, ҳатто бензин нархи ҳам вилоятлардагидан анча арзон эди. Шу сабабли кўпчиликнинг нигоҳи Тошкентга қадалганди. Табиийки, шаҳарнинг ўз талаблари бор эди, остонадан ҳатлаб ўтишингиз билан ёнингизда доим шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шартлигини ҳис қилардингиз, водийлик юртдошларимиз эса паспортсиз довондан ошишни хаёлига ҳам келтира олмасди.

Юртимиз бўйлаб вилоятлар ва шаҳарлар чегарасида жойлашган ўнлаб ички блокпостлар ва пост-патруль масканларининг олиб ташланиши мамлакат ичида транспорт ва одамлар ҳаракатланишини мутлақо эркинлаштирди. Бу нафақат фуқароларнинг вақтини ва асабини тежади, балки ички туризм, логистика ва савдо-сотиқ ривожига ҳам туртки берди. Ўнлаб йиллар давомида миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз учун тўсиқ бўлиб келган ва инсон ҳуқуқларини чеклаган эски прописка тизими тамомила бекор қилинди. Унинг ўрнига соддалаштирилган ва замонавий хабардор қилиш ва рўйхатга қўйиш тизими жорий этилди. Натижада ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз юртининг хоҳлаган гўшасида эркин яшаш, уй-жой сотиб олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Шунингдек, маъмурий ислоҳотларнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири – бу фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда адолат мувозанатини таъминлашдир. Бу борада 2017 йилда фаолияти йўлга қўйилган Маъмурий судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар билан юзага келган муносабатлари ва низоларини адолатли ҳал этишда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Илгари мансабдор шахснинг ноқонуний қарори ёки хатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш “шамол билан курашиш”дек туюлган бўлса, бугун маъмурий судлар фуқаронинг давлат идораси олдидаги ҳақиқий ҳимоячисига айланди. “Давлат органи ўз қарорининг қонунийлигини судда ўзи исботлаб бериши шарт” деган қоиданинг жорий этилиши инсон ва тадбиркор манфаатларини устувор ўринга олиб чиқди.
Қолаверса, илгари бирор-бир ҳужжат олиш учун идорама-идора юриб, ҳафталаб вақт йўқотилган бўлса, бугун манзара мутлақо бошқача. Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz ва Давлат хизматлари марказлари туфайли давлат хизматлари кўрсатиш тизими фуқаронинг хонадонига, қўл телефонига кўчди. Бугун юртдошларимиз уйдан чиқмай туриб, бир неча дақиқалар ичида фарзандини боғчага ёки мактабга навбатга қўйиши, кадастр, солиқ ва коммунал маълумотномаларни олиши, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиши ва банк ҳисобварағи очиши ҳамда паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришга ариза бериши мумкин.
Энг муҳими, компьютер ва электрон тизим таниш-билиш танламайди, пора сўрамайди, аризани “эртага кел” деб ортга сурмайди. Инсон омилининг камайтирилиши тизимдаги коррупцияга ва ортиқча бюрократияга берилган қақшатқич зарба бўлди. Устига-устак, илгари одамларнинг тинкасини қуритадиган “маълумотномабозлик”га барҳам берилди. Қисқа қилиб айтганда, давлат органида бор маълумотни фуқародан қайта сўраш тақиқланади.
Барчага маълум, давлат аппаратининг шишиб кетиши – иқтисодиёт учун ҳам, жамият учун ҳам оғир юк. Кейинги йилларда амалга оширилган маъмурий ислоҳотларнинг яна бир муҳим қадами вазирлик ва идоралар тизимини мақбуллаштириш бўлди. Бир-бирини такрорловчи, ортиқча ваколатга эга ва фақат қоғозбозлик билан шуғулланувчи тузилмаларга барҳам берилди. Вазирликлар сони қисқартирилди, ижрочи ходимлар штати ўртача 25–30 фоизга оптималлаштирилди. Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг ишини енгиллаштириш, ортиқча вазифаларни қисқартириш ҳамда бошқарувни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида соҳага сунъий интеллект имкониятлари ҳам фаол жорий этилмоқда.
Энг муҳими, қарор қабул қилиш марказлашувидан воз кечилди. 100 дан ортиқ ваколат ва функциялар бевосита ҳудудларга, маҳаллий ҳокимиятларга ўтказилди. “Маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими қарорлар қабул қилишни энг қуйи бўғинга – тўғридан-тўғри одамларнинг ёнига олиб тушди. Шунингдек, сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензия рақамлаштирилиб, уларни бериш муддати деярли икки баробарга қисқартирилди.
Давлат аппаратини юргизувчи куч – бу кадрлардир. Узоқ йиллар давомида давлат хизматига ишга киришдаги ёпиқ эшиклар, таниш-билишчилик ва энг ачинарлиси, отаси ёки яқин қариндоши судлангани сабабли иқтидорли ёшларнинг ишга ва ўқишга қабул қилинмай, йиллаб сарсон юришига сабаб бўлган адолатсиз тизимга тўлиқ чек қўйилди. 2022 йилда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳамда шаффоф очиқ танловлар тизими бу борада бутунлай янги даврни бошлаб берди.
Эндиликда минглаб билимли ёшлар ягона электрон портал орқали очиқ танловларда қатнашиб, ўз билими ва салоҳияти эвазига давлат хизматига кирмоқда. Кадрларни танлашда меритократия – яъни билим, малака ва иш натижаси (KPI) асосий мезонга айланди. Айниқса, давлат хизматига қабул қилишда ёшларга кўрсатилаётган эътибор алоҳида диққатга сазовордир. Хусусан, 2026 йил 1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида суҳбат босқичида бериладиган саволлар давлат органининг расмий веб-сайтида камида 1 ой олдин эълон қилиниши шартлиги, 1 ой олдин эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланиши фикримиз тасдиғидир.
Умуман олганда, сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, ана шу шиддатли ўзгаришларнинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи тургани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, мамлакатда гендер тенгликка эришиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилгани юқори баҳоланмоқда.
Жумладан, мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани сабабли “Cotton Campaign” халқаро ташкилоти томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкотнинг бекор қилингани, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ юртимизга Европа Иттифоқи томонидан “GSP+” бенефициари мақоми тақдим этилгани фикримиз далилидир.
Хулоса қилиб айтганда, охирги ўн йилликда Ўзбекистон маъмурий бошқарув ва давлатчилик соҳасида ўнлаб йилларга тенг мураккаб, аммо шарафли йўлни босиб ўтди. Давлат аппарати ўзининг “маъмурий буйруқбоз” қиёфасини ўзгартириб, фуқарога кўмакчи ва хизматкор бўлиш сари юз бурди. “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган конституциявий тамойил бугун том маънода ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Бюрократик ғовларнинг парчаланиши шунчаки қулайлик эмас, бу – мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, инвестициялар оқими ва энг муҳими, одамларнинг эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончи демакдир.
“Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир”, деган нақл бор доно халқимизда. Бугун биз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллик тўйи яқинлашаётган тарихий кунларда олис ва яқин тарихимизга бироз назар ташлаб, ўтган йилларимизни сарҳисоб қилиш баробарида уч-тўртта соҳадаги ислоҳотларимизнигина тилга олдик, холос. Аслида, гапирсак, ёзсак арзийдиган ютуқларимиз жуда бисёр. Зеро, халққа хизмат қилишни олий бурч деб билган, шаффоф, ихчам ва адолатли давлат бошқарувини барпо этиш йўлидаги бундай собитқадам одимлар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажаги, юртдошларимиз фаровонлиги ҳамда истиқлолимизнинг абадийлигини таъминловчи мустаҳкам кафолатдир.
Ғуломжон ҲАКИМОВ,
юридик фанлар номзоди, доцент.
ЎзА