ФОТОГАЛЕРЕЯ: Самарқанд — тарих ва тараққиёт уйғунлигида янги қиёфа
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт
ва келажак яратамиз!»
Самарқанд — жаҳон цивилизацияси тарихида муносиб ўрин эгаллаган, асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат маркази сифатида танилган қадимий замин. Бугун кўҳна шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлар янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари ва янги лойиҳалар вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида салмоқли ўзгаришларга замин яратмоқда.
Самарқанднинг бугунги қиёфасида тарихий мерос ва замонавийлик уйғунлиги яққол кўзга ташланади. Шаҳар ва туманларда янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари барпо этилди. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари аҳоли учун қулай муҳит яратиш билан бирга, тарихий шаҳарнинг ўзига хос меъморий қиёфасини асраб-авайлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Вилоятда инсон капиталига инвестиция киритиш, ёш авлодга сифатли таълим бериш ва илмий салоҳиятни юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Замонавий таълим муассасалари, янги ўқув бинолари, илмий-тадқиқот йўналишларида яратилган имкониятлар Самарқанднинг азалий илм-маърифат анъаналарини янги босқичда давом эттириш учун мустаҳкам замин бўлди. Билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшлар эса ҳудуд тараққиётининг асосий таянчига айланмоқда.
Инсон саломатлиги ва унинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам изчил тус олди. Тиббиёт муассасаларида замонавий технологиялар жорий қилиниб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қамрови кенгайди. Янги спорт иншоотлари барпо этилди, мавжудлари замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Бу эса ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш тармоқлари муҳим ўрин тутади. Замонавий корхоналар ишга туширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди. Тадбиркорлик ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши натижасида янги иш ўринлари яратилди, аҳоли даромадларини ошириш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлди.
[gallery-31051]
Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш занжирини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати замонавий техника ва технологиялар билан уйғунлашиб, вилоятнинг аграр салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти унинг бой тарихи ва бетакрор меъморий мероси билан чамбарчас боғлиқ. Регистон, Шоҳи Зинда, Бибихоним, Гўри Амир каби дунёга машҳур обидалар, қадимий шаҳарсозлик анъаналари ва бой маданий мерос вилоятни халқаро туризмнинг муҳим марказларидан бири сифатида намоён этади. Кейинги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги сайёҳлик масканларини ташкил этиш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган лойиҳалар бу салоҳиятни янада тўлиқ намоён этиш имконини берди.
Мазкур фотогалереяда ана шу улкан ўзгаришларнинг турли қирралари акс этган. Қурилиш ва бунёдкорлик майдонларидан тортиб, таълим даргоҳлари, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалиги далаларигача бўлган манзаралар бир мақсад — инсон учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ҳудудни барқарор ривожлантириш ва унинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларни кўрсатади.
Суратлардаги ҳар бир лавҳа — муайян бир воқеа ёки жараённинг эмас, балки янгиланаётган Самарқанд ҳаётининг яхлит манзараси. Уларда меҳнат қилаётган инсон, билим олаётган ёш, шифо топаётган бемор, спорт билан шуғулланаётган авлод, замонавий корхонада фаолият юритаётган мутахассис, даласида ризқ-рўз яратаётган деҳқон ва тарихий обидаларни томоша қилаётган сайёҳ қиёфаси орқали бугунги Самарқанднинг мазмун-моҳияти намоён бўлади.
Қадим тарихдан куч олган, бугунги ислоҳотлар билан янги қиёфа касб этаётган Самарқанд эртанги тараққиёт сари дадил қадам ташламоқда. Бу жараённинг энг муҳим мезони эса — обод ҳудуд, фаровон ҳаёт ва инсон қадрининг юксалишидир.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА