Инновацион ечимлар самара бермоқда
Бугун пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳалар натижалари сарҳисоб қилинди. Шунингдек, юртимизда давлат бинолари ва жамоат транспортини декарбонизация қилиш бўйича инновацион ечимлар тақдим этилди.
Мазкур ташаббус доирасида Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида қатор пилот лойиҳалар ўтлазилди. Уларда мактаб, боғча ва шифохоналарга замонавий иссиқлик насослари ҳамда кондиционерлар ўрнатилиб, эски, самарасиз иситиш тизимлари алмаштирилди.
Натижада кўмир истеъмоли йилига 115 тоннага қисқарди, иссиқхона газлари чиқиндилари эса 215 тоннадан ортиқ камайди. Илғор технологиялар энергия сарфини бир неча баробар тежаш имконини бериб, 13,5 мингдан зиёд аҳоли учун қулай шароит яратди.
[gallery-28388]
Лойиҳа доирасида Тошкентда ҳаво сифати мониторинги тизими ҳам ишга туширилди. У 120 мингдан ортиқ аҳолига экологик вазиятни кузатиш имконини бермоқда.
Семинарда шунингдек, “Қазилма ёқилғи субсидиялари инвентаризацияси миллий методологияси” тақдим этилди. Мутахассислар унинг иқтисодий ва экологик сиёсатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида эскпертлар энергия тежамкор технологияларни кенгайтириш ва ҳаво сифати мониторингини ривожлантириш зарурлигини қайд этдилар. Бу эса Ўзбекистоннинг паст углеродли тараққиётга ўтиш жараёнида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА