Инглиз тилининг “маэстро”ларидан бири Ўзбекистонда
Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги очиқлик сиёсати, хусусан мамлакатимиз дунё ҳамжамиятига фаол қўшилаётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани хорижий тилларни ўрганишга эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис ҳукуматимиз томонидан ёшларни чет тилларни ўзлаштиришга рағбатлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти ва “Янги Ўзбекистон” университети ҳамкорлигида “Инглиз тилини ўқитишнинг таълим соҳасида тутган ўрни ва истиқбол” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Марказий Осиё университетлари форуми доирасида ташкил қилинган учрашувда “British Council” инглиз тили дарсликлари яратиш ташкилоти директори Майкл Конноли маърузаси тингланди.
– Бундай анжуманлар таълимнинг асл мақсадини англатиш ва баҳолашда жуда муҳим, – дейди таниқли мутахассис. – Таъкидлаш керак, ўқитувчилик қийин касб. Зеро, у ҳар доим ўзидан кўра кўпроқ ўқувчига, синф хонасига эътибор қаратади. Умуман, баъзан бир қадам ортга чекиниш ва жамиятдаги муаммолар, жумладан кейинги ўн йилликдаги тил ўрганиш жараёни, технология келажаги каби мавзуларда суҳбат уюштириш фойдадан холи эмас.
Гувоҳи бўляпмиз – Ўзбекистон ҳақиқатан тез ва кескин ўзгармоқда. Тошкентни айланиб чиқиб, буни ўз кўзим билан кўрдим. Пойтахт ўта замонавий шаҳарга айланмоқда. Қолаверса, бизнес ва таълимда янгича салоҳият шаклланмоқда. Диёрингизга яқинда келдим. Шу қисқа вақт ичида ўзим дуч келган ҳар бир кишида, хоҳ давлат идораси вакили, хоҳ муаллим ва ёки хоҳ оддий хизматчи бўлсин, ўзгариш ва тараққиётга чинакам иштиёқ борлигини сездим.
Энг муҳими, мен ўзбекистонлик устозлар билан ҳаммаслак, бир йўлда эканимни ҳис қилиб турибман. Ўзбекистон келажаги ҳақида ижобий фикрдаман. Ҳозир Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳақида бутун дунё гапиряпти. Юртингиз Буюк Британия оммавий ахборот воситаларида кўрганимдан-да тезроқ ривожланаётганига амин бўлдим.
Мен Ўзбекистон олий таълим тизимига оид кичик изланиш олиб бордим. Республика хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик кўлами бўйича дунёда учинчи ўринда турар экан. Ўйлайманки, бу маҳаллий ва трансмиллий таълимни уйғунлаштириш истиқболи учун ниҳоятда муҳим.
Дарвоқе, профессор Конноли инглиз тилини тез ва мукаммал ўргатиш ҳамда ёшлар билимини баҳолаш бўйича 50 дан ортиқ давлат билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у ўз жамоаси билан ўқитувчилар малакасини оширишга доир турли самарадор лойиҳаларни ҳам йўлга қўйган.
Мусулмон Зиё,
Дониёр Ёқубов (видео),
ЎзА