“Имконият чекланмаган!”
Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Имконият чекланмаган!” шиори остида ижодий кўргазма ташкил этилди.
Тадбирда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, депутатлар, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими вакиллари, партия фаоллари, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қўл меҳнати маҳсули бўлган ишларини кенг жамоатчиликка намойиш этиш, ижтимоий фаоллигини ошириш, меҳнатга бўлган интилишини рағбатлантириш ҳамда жамиятда инклюзив муҳитни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, уларнинг иқтидор ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида Конституциямиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари асосида яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида атрофлича фикр билдирди.

Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз қўл меҳнати билан тайёрлаган буюмлари, амалий санъат намуналари, безак маҳсулотлари, сувенирлар, тўқувчилик ва тикувчилик маҳсулотлари ҳамда бошқа турли ижодий ишларидан иборат кўргазма ташкил этилди.

Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар намойиш этилган маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, уларнинг яратилиш жараёни ва муаллифлари билан мулоқот қилди. Шунингдек, иштирокчилар ўзларига маъқул бўлган қўл меҳнати маҳсулотларини харид қилиб, ижодкорларнинг меҳнати ва ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантириш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга хизмат қилди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан намойиш этилган ижодий ишлар юксак баҳоланиб, уларнинг иқтидори, меҳнатсеварлиги ва ижодкорлиги алоҳида эътироф этилди. Қайд этилганидек, инсоннинг имконияти унинг жисмоний ҳолати билан эмас, балки интилиши, билим ва иқтидори билан белгиланади. Шу маънода мазкур кўргазма ҳар бир инсон учун тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва меҳр-оқибат муҳитини қарор топтиришга хизмат қилувчи муҳим маънавий-маърифий тадбир сифатида аҳамият касб этди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ижодкорларга Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири