Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қўшимча кафолатлар, шунингдек давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ва механизмларининг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш зарурати ҳам юзага келганини таъкидлади.
Қонун билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга тадбиркорларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши кафолатларини белгилашга оид янги норма киритилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, яшил технологиялар, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий тадбиркорлик ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун субсидиялар бериш, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик ҳамда инновацион лойиҳаларни давлат грантлари асосида молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини янада кенгайтириш ҳамда тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА