Илмий мулоқот ва миллий мероснинг замонавий талқини
XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида «Воқеалар горизонти: замонавий санъат ижтимоий-маданий ўзгаришлар кесимида» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференция замонавий санъатнинг долзарб тенденциялари, назарий муаммолари ва амалий тажрибаларини муҳокама қилиш, шунингдек, санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ижтимоий-маданий ўзгаришлар жараёнига таъсирини таҳлил этишга бағишланди.
Анжуман доирасида жадал технологик тараққиёт, глобаллашув ва маданий трансформация шароитида бадиий амалиётларнинг ўзгариши, санъат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, рақамли технологияларнинг ижодий жараёнларга таъсири каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро илмий мулоқотни ривожлантириш, тадқиқот тажрибасини алмашиш ва фанлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияда санъатшунослар, маданиятшунослар, амалиётчи рассомлар, дизайнерлар, кураторлар, арт-менежерлар, олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари ўқитувчилари, музей ва галереялар мутахассислари, хорижий экспертлар, докторантлар ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.
Илмий анжуманнинг асосий йўналишлари замонавий санъат назарияси ва методологияси, глобал ўзгаришлар даврида бадиий жараёнлар динамикаси, сунъий интеллект ва виртуал реаллик имкониятлари, миллий ўзлик ва маданий мерос талқини, коллектив хотира ва архивларнинг бадиий ифодаси, шунингдек, ёш тадқиқотчиларнинг илмий ва ижодий лойиҳаларини қамраб олди.
Конференция замонавий санъатнинг янги қирраларини илмий таҳлил қилиш, халқаро тажриба алмашиш ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академиясида мамлакатнинг 17 нафар замонавий рассоми ижодини жамлаган «Чархпалак» бадиий альбоми тақдимоти ҳамда шу номдаги кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган мазкур лойиҳа Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Капиталбанк кўмагида амалга оширилди.

Лойиҳанинг асосий ғояси – замонавий санъат орқали миллий маданий меросни асраб-авайлаш, уни янги бадиий талқинлар билан бойитиш ва авлодлар ўртасидаги маънавий давомийликни таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур альбом сўзбошисида замонавий рассом нафақат маданий меросни талқин этувчи, балки унинг ҳаммуаллифи сифатида ҳам намоён бўлишини таъкидлади. Зеро, анъаналар замонавий ижод орқали янги мазмун касб этади ва бугунги авлод учун қайта кашф этилади.
«Чархпалак» номи узлуксиз ҳаракат ва янгиланиш рамзи сифатида миллий санъатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ўртасидаги узвий боғлиқликни ифодалайди. Экспозицияда анъанавий маданий қадриятларнинг замонавий рассомлар ижодидаги бадиий ифодаси намоён этилган.
Кўргазма ва альбом концепцияси санъатшунослар Камола Акилова ҳамда Алексей Арапов тадқиқотларига асосланган тўртта мавзувий бўлим – «Маданиятлар чорраҳаси», «Турон ва Эрон», «Ислом космоси» ҳамда «Янги ҳамкорликдаги ижод доираси» орқали очиб берилган.
[gallery-31982]
Экспозициянинг марказий рамзларидан бири – анъанавий кўза. Унинг атрофидаги 17 та тугун лойиҳада иштирок этаётган рассомларнинг ҳар бирини ифодалайди. Уларни бирлаштирувчи арқон умумий маданий кодни, кўза эса миллий анъаналар ва авлодлар хотирасининг сақланишини англатади. Шу тариқа, 17 нафар рассомнинг ўзига хос ижодий овози ягона маданий мерос ғояси атрофида бирлашади.
Капиталбанк учун мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, замонавий миллий санъатни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятидир.
– Маданий мерос бу нафақат ўтмиш авлодлардан бизга қолган, балки биз кейинги авлодларга ҳам етказишимиз керак бўлган бойликдир, – деди АКБ «Капиталбанк» Кузатув кенгаши раисининг маслаҳатчиси Оксана Линдина. –Шу боис, биз учун бу каби лойиҳалар фақат кўргазма заллари билан чекланиб қолмай, балки ўз давомига эга бўлиши ва кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиши муҳимдир.
Тадбир доирасида замонавий санъат ва маданий меросни сақлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда рассомлар, санъатшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Халқаро замонавий санъат биенналесининг хорижий иштирокчилари қатнашиб, миллий маданий қадриятларни замонавий санъат орқали ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
«Чархпалак» лойиҳаси миллий анъаналар ва замонавий бадиий тафаккурни бирлаштириб, Ўзбекистон санъатининг бой мероси бугунги ижодий жараёнларда ҳам янги маъно ва ифода топаётганини намоён этди.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА