Бўлажак ватан ҳимоячилари тантанали ваъда берди
Бобур шаҳридаги “Ватанпарвар” боғида “Жасорат мактаблари”да таҳсил олаётган ўқувчиларнинг “Тантанали ваъда бериш” маросими бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ўқувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-аҳлоқий руҳда тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган дастлабки ҳарбий кўникмаларни шакллантириш, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёрлаш, юртга садоқат ва сидқидилдан хизмат қиладиган довюрак ёшларни тарбиялаш мақсадида умумтаълим мактабларида “Жасорат мактаби” синфлари ташкил этилган.
Андижон вилоятининг туман, шаҳарларида ташкил этилган 16 та мактабдаги “Жасорат мактаби” синфларига жорий ўқув йилида 416 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ана шу ўқувчиларнинг “Тантанали ваъда бериш” маросимида уларнинг устозлари, ота-оналари, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Қуролли кучлар тузилмалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Тадбир очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ботиржон Ашуров ва бошқалар ўқувчи-ёшларни ушбу тантана билан муборакбод этиб, уларга келажакда юртимиз равнақи, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшадиган етук, салоҳиятли ва ватанпарвар кадрлар бўлиб, камол топишларини тилади.
Шундан сўнг ўқувчилар “Жасорат мактаблари”да белгиланган тартиб-интизомга қатъий амал қилиш, пухта билим олиш, ҳамиша илғор, фаол ва фидойи бўлиш ҳақида тантанали ваъда берди.
– Бугунги тантанали ваъда бериш маросими мен учун унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолади, – дейди Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг “Жасорат мактаби” синфи ўқувчиси Имронжон Икромжонов. – Мен ушбу ваъдамга содиқ бўлиб, ҳамиша аъло баҳоларга ўқишга, илғор бўлишга, бошланғич ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллаб, келгусида Ватан ҳимоячиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.


Тантанали ваъда бериш маросими якунида Қуролли кучлар тузилмалари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири