ИИВ: ички ишлар органлари ходимларининг фаоллиги натижасида 31 минг 917 жиноят фош этилди
25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Бу сана халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминловчи муҳим тузилмада фидойилик билан хизмат олиб бораётган ходимларнинг касб байрамидир. Қийин вазиятларда, ҳуқуқимизга дахл қилинганда биз уларни биринчи бўлиб эслаймиз. Куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар, “102” рақамига қўнғироқ қиламиз. Улар эса доим бизни эшитишга, ёрдам беришга шай туради.
Улар жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш билан чекланиб қолмай, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам изчил фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг қайд этишича, жамиятнинг бош бўғини ҳисобланган маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини кафолатлаш ҳар қандай давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг тўққиз ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 минг 21 тага камайди. Бу кўрсаткич ички ишлар органлари томонидан маҳаллаларда олиб борилаётган манзилли профилактика, жиноятчилик сабабларини илмий таҳлил қилиш, тезкор тадбирлар ва аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш йўналишлари тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳадаги фаолиятни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Мазкур тарихий ҳужжат маҳаллабай ишлаш тизимида устувор вазифаларни аниқ белгилаб берди. Бунда асосий эътибор ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни барвақт аниқлаш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокидаги қонунбузилишларнинг туб сабабларини чуқур ўрганишга қаратилди. Ҳар бир мурожаат ва қонунбузилиш ҳолатига тезкор ҳамда қатъий муносабат билдириш тизими йўлга қўйилди.
Юртимиз бўйлаб олиб борилган ишлар натижасида 4 минг 380 маҳаллада умуман жиноят қайд этилмади. Бу мамлакатимиздаги жами маҳаллаларнинг 48,6 фоизини, яъни қарийб ярмини ташкил этади. Жиноят содир этилган ҳудудлар эса криминоген вазиятига қараб махсус тоифаларга ажратилди. Унга кўра, 3 минг 933 маҳалла (43,7 фоизи) «сариқ», 679 таси эса (7,6 фоизи) «қизил» тоифага киритилди.
Алоҳида ижтимоий тоифалар бўйича ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 1 минг 608 тадан 1 минг 519 тага камайди. Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 2 минг 23 тадан 1 минг 604 тага, ёшлар иштирокидаги жиноятлар эса 7 минг 824 тадан 5 минг 948 тага камайди.
Бундан ташқари, спиртли ичимлик таъсирида, яъни маст ҳолда содир этилган жиноятлар 5,4 фоизга, муқаддам судланган шахслар томонидан қайта қонунбузарликка қўл уриш ҳолатлари 8 фоизга, ишсиз фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар эса 21,1 фоизга камайган. Бу рақамлар бандликни таъминлаш ва ижтимоий реабилитация тадбирлари ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ташаббуси ва фаоллиги натижасида 31 минг 917 жиноят фош этилди. Бу борада энг муҳим ва оғир йўналишлардан бири гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлди.
Ушбу йўналишда 13 минг 293 жиноий ҳолат аниқланиб, қора бозорга кириб бориши керак бўлган 3 тонна 357 килограмм гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.
Таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар етиштирилаётган 17 минг 120 квадрат метр майдон аниқланиб, бутунлай йўқ қилинди.
Назорат остида бўлган 2 миллион 773 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарқалишининг олди олинди. Кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида 19 та ноқонуний яширин нарколаборатория фаолияти фош этилди ва 122 та уюшган наркожиноий гуруҳ зарарсизлантирилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” ҳамда “Қорадори - 2026” тадбирлари доирасида август ва сентябрь ойларида республика миқёсида кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирнинг иккинчи босқичида умумий қиймати 221,7 миллиард сўмга баҳоланган 369,3 килограмм (тахминан 1,8 миллион доза) гиёҳвандлик моддаси ва 66 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинди. Ижтимоий тармоқлар орқали наркодўконларни тарғиб қилувчи 381 та наркограффити ёзуви ўчирилди ва 3 та яширин нарколаборатория тугатилди.
“Қорадори - 2026” тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида тақиқланган экинларни етиштириш билан боғлиқ 1 минг 385 та жиноят аниқланди. Жиноятчиларни аниқлашда замонавий технологиялардан, жумладан, дронлар ёрдамидаги кузатувлар ва вертолётлардаги назорат учишларидан унумли фойдаланилди. Натижада 16 минг 180 квадрат метр майдондаги кўкнори ва каннабис плантациялари йўқ қилинди.
Давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 5 минг 264 та жиноят аниқланди. Мазкур кўрсаткич таркибида 2 минг 585 та қўшмачилик, 165 та одам савдоси, 1 минг 450 та ноқонуний қурол-яроғ айланмаси ҳамда 797 та маъмурий назорат қоидаларини бузиш ҳолати мавжуд бўлиб, улар бўйича қатъий қонуний чоралар кўрилди.
Ҳисобот даврида 6 минг 293 та коррупциявий жиноят фош этилди. Тезкор тузилмаларнинг саъй-ҳаракатлари билан аввалги йилларда содир этилиб, очилмай қолган 20 мингдан ортиқ жиноят фош этилди. Суд ва тергов идораларидан яшириниб юрган 8 мингга яқин қидирувдаги шахс қўлга олинди.
Энг қувонарлиси, турли сабабларга кўра бедарак йўқолган деб ҳисобланган 4 минг 863 нафар фуқаро топилиб, ўз оиласи бағрига қайтарилди. Интернет тармоғи орқали ёшлар онгини заҳарлашга уринаётган терроризм ва экстремизм ғояларининг тарқалишига қарши курашиш йўналишида 1 минг 404 та жиноят аниқланди.
Рақамли муҳитдаги хавфсизликни таъминлаш энг долзарб глобал муаммолардан бирига айланди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда 69 минг 962 та жиноят содир этилган. Уларнинг аксарияти фуқароларнинг пул маблағларини пластик карталар ва электрон тўлов тизимлари орқали фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга қаратилган.
Бу вазият тизимни тубдан ислоҳ қилишни талаб этди. Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Андижон шаҳрида Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда кибержиноятларга қарши курашда рақамли технологияларни кенг жорий этиш топшириғи берилди. Тажриба тариқасида Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари ички ишлар бўлинмаларида ҳудуд раҳбарларининг рақамлаштириш ва кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосарлари лавозимлари янгидан жорий этилди. Бу лавозимларга АТ соҳасида юқори малакага эга мутахассислар тайинланди.
Ҳозирда ушбу янги ходимлар Ички ишлар вазирлиги, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ва Криминология институти олимлари билан ҳамкорликда жойлардаги муаммоларни илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилмоқда. Киберҳужумлар ва фирибгарлардан ҳимояланиш учун махсус “АПК Қўриқчи” мобил дастури ишлаб чиқилди ва уни аҳоли смартфонларига ўрнатиш ишлари бошланди. Шу билан бирга, бюджет ташкилотлари ходимлари, талабалар ва пенсионерларнинг кибермаданиятини ошириш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини тинглаш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезонига айланди. Олис ва чекка ҳудудларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Вазирлик раҳбарияти билан тўғридан-тўғри гаплашиш истагида бўлган фуқаролар учун видеоконференцалоқа тизими яратилди.
2026 йилнинг тўққиз ойида вазирлик тизимига 321 минг 805 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 87 фоизи қаноатлантирилди. Ҳудудий ички ишлар органларига келиб тушган 289 минг 976 та мурожаатдан 236 минг 246 таси (81 фоизи) ижобий ҳал этилди, 26 минг 456 та мурожаат эгасига эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Амалга оширилган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимизда жиноятчиликни жиловлаш ва хавфсиз муҳит яратиш борасида катта натижаларга эришилмоқда. Жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, рақамли макондаги таҳдидларга тезкор жавоб бериш ҳамда аҳолининг мурожаатлари билан сифатли ишлаш келгусида ҳам хавфсиз ва осойишта жамият барпо этишнинг бош гарови бўлиб қолади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА