Ҳумоюн Султонов ғалаба қозонди
Қувайтнинг Заҳра шаҳрида ўтаётган теннис бўйича М15 тоифасига кирувчи турнирда ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Маҳоратли теннисчимиз мусобақанинг илк даврасида туркиялик Корай Кирчига қарши кортга чиқди. Баҳсда ҳисоб 6:1, 4:1 бўлиб турган вазиятда Корай учрашувни давом эттиришдан бош тортди. Шу тариқа, иккинчи даврада Ҳумоюн Султонов франциялик Максенс Ривет ва қувайтлик Али Алшати жуфтлиги ғолибига қарши кортга чиқади.
Дарвоқе, Ҳ.Султонов турнирнинг жуфтлик баҳсларида франциялик Константин Биттоун билан тандемда иштирок этмоқда. Улар биринчи босқичда руминиялик Роберт Гуна ва грециялик Пайлос Циципас дуэти билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА