Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган семинар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган “Давлатобод тажрибаси” намунасидаги семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Ёқубова, Наманган тўқимачилик саноати институти ректори Қурбонали Холиқов, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда ички ишлар органи вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Наманган тўқимачилик саноати институтида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда институт ректори Қурбонали Холиқов таълим муассасаси фаолияти, имкониятлари ва ютуқлари ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, уларга иқтисодий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.
[gallery-21550]
Семинар давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган инновацион усуллар, аёллар бандлигини таъминлашдаги мавжуд имкониятлар ва бу борадаги тажрибалар ўрганилиб, келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Наманган тўқимачилик саноати институтида хотин-қизларнинг таълим олиши, ҳунар ўрганиши учун яратилган шароитлар, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш жараёнлари ҳам кўздан кечирилди. Қизларнинг ижодий ишлари, инновацион ғоялари ва илм ўрганиши учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилди. Ҳунар ўрганган талабалар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифат ва бозордаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур жараёнлар хотин-қизларнинг таълим олиши билан бирга, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва меҳнат бозорида фаол иштирок этишига кўмак берувчи амалий имкониятларни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Шу куни туманнинг Тўқувчи маҳалласида ҳам худди шундай семинар ташкил этилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларни камайтиришга қаратилган ишлар ҳамда маҳалла еттилигининг ҳисоботлари эшитилди.
Семинарда аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлашда профилактик тадбирларнинг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА