“Ёш гвардиячилар” мусобақаси ғолиблари аниқланди (+видео)
Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёш гвардиячилар” ҳарбий-спорт мусобақасининг шаҳар босқичи юқори савияда ўтказилди.
Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини юксалтириш, уларни жисмонан бақувват, маънан баркамол этиб тарбиялаш, шунингдек, ҳарбий хизматга қизиқишини оширишга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Ҳарбий-спорт мусобақаси Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисм ҳудудида бўлиб ўтди. Мусобақа иштирокчилари оркестр садолари остида кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Тантанали очилиш маросимида масъул раҳбарлар, ҳарбий хизматчилар ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларни Ватанга садоқат, интизом ва масъулият руҳида тарбиялаш давлат сиёсатида устувор йўналиш эканини таъкидлади.
Мусобақада Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларининг ўқувчи ёшларидан ташкил топган 11 та жамоа иштирок этди. Улар 9 та шарт бўйича ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.
Жумладан, билимдонлар беллашуви, саф тайёргарлиги, кўргазмали қўл жанги усуллари, заҳарланган ҳудуддан ўтиш, ўқ-дориларни етказиш, камондан отиш, сув тўсиғидан арқон ёрдамида ўтиш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш шартларида жамоалар фаол қатнашди.
Ҳар бир шарт иштирокчилардан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки тезкор фикрлаш, жамоавий ҳамжиҳатлик ва интизомни талаб қилди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўрин Юнусобод тумани 58-сонли умумтаълим мактаби жамоасига насиб этган бўлса, 2-ўринни Чилонзор тумани 168- сонли мактаб жамоаси қўлга киритди. Учтепа тумани 295-сонли мактаб жамоаси 1- ўринга лойиқ деб топилди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ва эсдалик совғалари ҳамда мусобақа кубоги билан тақдирланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/g8zF_Y_2AqE" title="“Yosh gvardiyachilar” musobaqasi g`oliblari aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, С.Обиджонов (монтаж), ЎзА