Гиёҳвандликка қарши курашда ёшлар ташаббуси: соғлом жамият – барқарор келажак гарови
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Гиёҳвандликка қарши курашда ёшлар ташаббуси: соғлом жамият – барқарор келажак гарови” мавзусида республика конференцияси ўтказилди.
Тадбир гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мазкур йўналишда давлат органлари, таълим муассасалари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга бағишланди.
Конференцияда Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, фаол ёшлар ҳамда юридик таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда синтетик наркотикларнинг тарқалиши, уларнинг интернет ва бошқа рақамли платформалар орқали ноқонуний муомалага киритилиши ёшлар учун жиддий хавф экани қайд этилди. Шу муносабат билан профилактика, эрта огоҳлантириш, ҳуқуқий тарғибот ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда 2026 йил 11 июнда қабул қилинган, наркотик воситалар, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонуннинг аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланди. Ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Конференциянинг муҳим натижаси сифатида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандум ёшлар ўртасида наркотик воситалар, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи профилактикасини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулиятини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади.
Иштирокчилар Академияда ташкил этилган гиёҳвандликка қарши курашишга оид лойиҳалар кўргазмаси ва ёшларнинг ижодий тақдимотлари билан танишди.
“Соғлом жамият сари: огоҳлик ва профилактика” ҳамда “Гиёҳвандликка қарши курашда ёшлар ташаббуси ва амалий ечимлар” мавзуларидаги сессиялар ташкил этилди. Уларда тиббиёт, ҳуқуқ, психология ва таълим соҳалари ўртасидаги ҳамкорлик, барвақт профилактика, рақамли лойиҳалар, спорт ва маънавий тарбия орқали ёшлар орасида антинаркотик маданиятни юксалтириш масалалари кўриб чиқилди.
Гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки давлат, оила, таълим муассасаси, маҳалла ва ёшларнинг умумий масъулияти эканлиги тадбир якунида эътироф этиб ўтилди.
Н.Абдураимова, ЎзА