Хонободда яна жаҳон паҳлавонлари жам бўлди
Андижон вилоятининг сўлим Хонобод шаҳрида "ETNO STRONGMAN GAMES" – Баҳодирлар ўйини бўйича жаҳон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами, қолаверса, 15-17 август кунлари бўлиб ўтадиган "Дунё садолари" III халқаро миллий эстрада санъати фестивали олдидан ўтказилган жаҳон кубоги мусобақаси юртдошларимизга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
Андижон вилояти ҳокими – Осиё Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси президенти Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган мусобақаларда юртимиз, шунингдек, Миср, Колумбия, Бахрайн, Ҳиндистон, Испания, Россия, Қозоғистон, Польша, Озарбайжон, Беларусь сингари жаҳоннинг 20 га яқин давлатларидан келган спортчилар иштирок этиб, белгиланган шартлар бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
–Хонобод шаҳрида ўтказилган ушбу йирик мусобақа нафақат Хонобод, балки юртимиз нуфузини юксалтиришга хизмат қилади, – дейди тош кўтариш бўйича жаҳон чемпиони, фахрий спортчи, мусобақа ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳтарама Алиева. – Қолаверса, мусобақа халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Мустақиллик байрами арафасида ўтказилаётганлиги юртдошларимизга янада кўтаринки кайфият улашди.
Икки йўналишда икки кун давом этган жаҳон кубоги беллашувлари қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Полвонлар 120 килограмли тошларни 40 метр масофага кўтариш, юклар солинган аравани, шунингдек, 400 килограм оғирликдаги махсус жиҳозни кўтариш, узоқ масофага олиб бориш сингари қатор мураккаб машқларни тез ва белгиланган шартлар асосида бажариш бўйича ўз имконият ва маҳоратларини намойиш этди.
Баҳодирларнинг чиқишлари латвиялик халқаро тоифадаги ҳакам Владислав Редкин бошчилигидаги нуфузли ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Жаҳон кубоги мусобақасининг якуний натижаларига кўра, 95 килограмгача ёшлар ўртасида 1- ва 2- ўринлар юртдошларимиз Нуриддин Эргашев, Шерзод Ражабовга насиб этди, 3- ўринни қозоғистонлик Муртазай Баглан қўлга киритди.
Оғирлиги 125 килограмгача бўлган ёшлар ўртасида ҳам юртдошларимиз Шодилбек Эргашев ва Элербек Ҳамидов 1- ва 2- ўринларни эгаллади. 3- ўринга эса беларуслик Влад Ильюшиц сазовор бўлди.
Вазн тоифаси 125 килограмгача катта ёшдаги иштирокчилар ўртасида 1- ўрин росссиялик Давид Шамейга, 2- ўрин юртдошимиз Дилмурод Қурбоновга, 3- ўрин ҳиндистонлик Салах Кришнага насиб этди.
[gallery-24756]
Вазн тоифаси 125 килограмдан юқори катта ёшдаги иштирокчилар ўртасида 1- ўринни россиялик Давид Шамей, 2- ўринни польшалик Марек Чайковский, 3- ўринни грузиялик Чебуха Чигладзе қўлга киритди.
Жаҳон кубоги мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари кубок, тегишли медаль ҳамда турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари