Ҳофизнинг умрбоқий қўшиқлари
Ҳар йили 22 декабрь инсоният томонидан қишнинг энг узун кечадиган ялдо туни, табиатнинг ўзига хос ҳодисаси сифатида эсланади.
1994 йилнинг 22 декабри эса халқимизнинг улуғ санъаткорларидан бири, атоқли хонанда, мақомларнинг етук ижрочиси, машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуров вафот этган сана тарзида тарихимизга муҳрланди. Отажон Худойшукуров ҳаётда бор-йўғи 50 йил умр кечирди. Шундан 35 йилини санъатга бағишлади. Қўшиқчилигимизни юксак мақомларга кўтарди, ноёб овоз соҳиби сифатида санъатимизни дунёга бўйлаштирди. Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон, Татаристон Республикалари халқ артисти унвонларига мушарраф бўлди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Афғонистон, Кавказ ўлкалари ва бошқа халқлар ўртасида туркигўй ҳофиз, Туркистон булбули сифатида донг таратди. ХХ асрнинг 70-йилларида Миср матбуоти “Марказий Осиёдан, Жайҳун соҳилидан келган санъаткор нафақат арабларни ҳайратга солди, ҳатто Нилни ҳам тўлқинлантириб юборди. Қоҳираликлар Отажон Худойшукуров деб аталган Шарқ “Паворотти”сининг ноёб овозидан, сеҳрли созидан баҳраманд бўлдилар”, деб ёзганди. Умуман, унинг номи нафақат юртимизда, хорижда ҳам ана шундай ҳурмат билан тилга олинади, қўшиқлари эҳтиром билан эсланади.
Машойихлар Ер юзида ҳаётни фано ва бақодан иборат, яъни инсоннинг яшаган даври фано, ундан кейинги даври бақо, одамзот бу ўткинчи дунёда яшаб, сўнг абадийликка эришади, деб изоҳлайдилар. Ҳақ гап! Аммо дунёда шундай улуғ инсонлар борки, улар ҳаёти, фаолияти, илми, меҳнати ва бошқа жиҳатлари билан башариятга хизмат қилиб, фано бағрида бақолик рутбасига, абадий ном қолдириш саодатига эришадилар. Отажон Худойшукуров ҳам ана шундай бақолик рутбасига эришган, ўзидан халққа, миллатга хизмат қиладиган ўлмас мерос қолдирган инсонлардан бири эди.
Албатта, маънавияти, маданияти юксак бўлган ҳар қандай халқ, миллат ўзини улуғлик мартабасига кўтарган шахсларга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Шундай экан, атоқли санъаткор Отажон Худойшукуров номи вафотидан кейин қандай улуғланди, хотираси қай тарзда эъзозланди, унинг бой меросидан авлодлар баҳраманд бўлмоқдами, бу мерос эндиликда санъатимизда қандай ўзгаришлар, янгиланишлар юзага келишига хизмат қилмоқда, деган саволлар туғилади.
Тўғри, атоқли санъаткорнинг қўшиқлари, мақом йўналишидаги мумтоз ашулалари республикамиздаги радио тўлқинлари, телеэкранлари орқали бериб борилмоқда. У ҳақда кўрсатувлар, эшиттиришлар тайёрланмоқда. Улуғ ҳофизнинг ҳаёт, санъат йўлини ёритувчи асарлар, хотира китоблари, рисолалар нашр этилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида у ҳақда мақолалар эълон қилинмоқда. Унинг хотирасини абадийлаштириш, меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш билан боғлиқ ишлар Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида кенг миқёсда амалга оширилди. Тўрткўл шаҳрининг марказида жойлашган муҳташам Маданият саройи унинг номи билан аталди. Сарой олдида улуғ ҳофизнинг тор ушлаб турган ҳолатдаги маҳобатли ҳайкали ўрнатилди. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири ҳам унинг номига қўйилди. У яшаган уйнинг бир қисми музейга айлантирилди.
Бундай хайрли ишлар Тўрткўл туманига ёндош Элликқалъа туманида ҳам давом эттирилди. 1999 йилда туман ҳокими Неъматилла Худойберганов Бўстон шаҳрида Отажон Худойшукуров хотирасини абадийлаштириш ва унинг номи билан боғлиқ ҳолда ёш хонандаларнинг кўрик-танловини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ташаббус Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қўллаб-қувватланди. Ўша йилнинг 26-28 июлида улуғ ҳофиз хотирасига бағишланган хонандаларнинг илк кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу танловнинг айнан Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас эди.
Элликқалъа Қорақалпоғистон Республикасидаги энг кенжа туман ҳисобланади. У 1975 йилда ташкил этилган. Унинг бағрида мамлакатимизнинг қадим тарихига оид минглаб осори-атиқалар сақланиб қолган. Эрамиздан олдинги даврга оид Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахтлари бўлмиш Оқчахонқалъа, Тупроққалъа вайроналари, икки юздан ошиқ шаҳарлар ва 500 дан ортиқ қалъа харобалари ана шу туман ҳудудида ястаниб ётибди. Ана шу шаҳарлар, қалъалар, саройлар вайроналарининг аксарияти археологлар томонидан очиб ўрганилганда уларда маданият, маънавият, маърифат, санъат, меъморчилик, шаҳарсозлик ниҳоятда юксак ривож топганлиги намоён бўлди. Дунёнинг илк расадхоналаридан бири деб эътироф этилган, камида 2,5-3 минг йиллик тарихга эга Қўйқирилганқалъадан “Уд чалаётган машшоқ” ҳайкалчасининг, “Арфалар” деворий тасвирининг, Тупроққалъадан “Арфа чалаётган қиз”, “Ниқобли раққослар зали” деворий расмларининг, Аёзқалъадан уч минг йиллик тарихга эга сибизға (чилтор)нинг топилиши, Қўрғошинқалъадан созандалар гуруҳи акс этган фризнинг, Қаватқалъадан раққосалар акс этган терракоталарнинг аниқланиши бу ўлкада санъатга эътибор қадим-қадимдан кучли бўлганлигини кўрсатди. Бу юртда санъат азалдан ана шундай улуғланган. Шунинг учун Отажон Худойшукуровга бағишланган бу кўрик-танлов атоқли ҳофизнинг номини, санъатини улуғлаш билан бирга аждодлар ва авлодлар ўртасидаги санъат соҳасида бир неча минглаб йиллардан бери давом этиб келаётган меросийликни ҳам намоён қилиши кўзда тутилган эди. Шу сабабли кечмиши олис тарих билан боғланган бу маскандаги кўрик-танлов “Қамбарнинг олтин сози” деб номланди.
Ўша илк кўрик-танловнинг қандай ўтганини яхши эслайман. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган истеъдодли хонандалардан 52 таси иштирок этди. Танлов шарти қилиб Отажон Худойшукуров ижро этган замонавий ва мумтоз ашулаларни куйлаш белгиланди. Шу танловнинг ўзиёқ улуғ ҳофизнинг санъатига, меросига ёш хонандалар ўртасида қизиқиш ниҳоятда катта эканлигини кўрсатди. Элликқалъа тумани марказидаги гўзал тарзда барпо этилган Санъат саройи уч кун давомида мухлислар билан тўлди. Мамлакатимизнинг, жумладан, Қорақалпоғистоннинг атоқли санъаткорлари иштирокидаги ҳайъат томонидан кўрик ғолиблари аниқланди. Дастлабки танловда ғолиблик Сойибжон Ниёзов, Равшан Матёқубов, Ортиқ Ортиқов, Ғафур Эшчонов, Ғулом Эшчонов, Худойберган Худойберганов каби ёш хонандаларга насиб этди.
Танлов кунларида Бўстон шаҳрига кираверишдаги Маданият ва истироҳат боғи очилди. Анжуман иштирокчилари бу боғга кўчатлар экдилар. Эндиликда бу боғ туманнинг гўзал маданият масканларидан бирига айланди. Шу билан бирга анжуман кунларида Отажон Худойшукуров номидаги жамғарма ҳам фаолиятини бошлади. Туман раҳбарлари ва жамғарма вакилларининг таклифига кўра кўрик-танлов ҳар икки йилда ўтказилиши белгиланди. Ўша кўрик-танловда иштирок этган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов бу анжуман хусусида тўхталиб, шундай деганди: “Ҳар юртнинг, мамлакатнинг тарихини, маданиятини, санъатини, илм-маърифатини дунёга намоён қиладиган масканлари бўлади. Элликқалъа тумани, Бўстон шаҳри, нафақат Қорақалпоғистоннинг, балки бутун мамлакатимизнинг юксак маънавиятини намоён қилувчи масканлардан бири саналади. Бу ерда улуғ ҳофиз Отажон Худойшукуровга кўрсатилган эҳтиром санъатимизга эҳтиром ифодасига айланди. Ҳали бу маскандан бошланган хайрли ишнинг натижаси сифатида маданиятимизнинг кўплаб фидойилари, санъатимизнинг етук намояндалари етишиб чиқади. Мен бунга ишонаман”. Атоқли шоир башорат бобида ҳақ бўлиб чиқди. Элликқалъа кейинги йилларда мамлакатимизнинг маънавият марказларидан бирига айланди.
Элликқалъа тумани ҳокими 2000 йилда яна бир хайрли ишга қўл урди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари таҳририятлари, Отажон Худойшукуров жамғармаси ҳамкорлигида Элликқалъада “Мушоира этади давом” деб аталган шеърият байрамлари ўтказилди. Бу байрамларда республикамиздаги таниқли ижодкорлар, шоирлар, санъаткорларнинг аксарияти иштирок этди. Қишлоқлар, овуллар, мактаблар, ишлаб чиқариш корхоналарида шеърлар ўқилди, ҳаёт, адабиёт, санъат ҳақида суҳбатлар давом этди. Бўстон шаҳрида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг минтақавий бўлими очилди. Элликқалъалик ёшларнинг шеърлари муҳокама қилинди ва уларнинг энг иқтидорлилари уюшма аъзолигига қабул қилинди. Элликқалъадаги янгиланишлар, бунёдкорликлар, ўзгаришлар шеърий сатрларга муҳрланди:
Гулдан гулга қўниб саҳар палладан,
Болари бол йиғар қирдан, даладан,
Шоир ҳам болари бўлсайди агар,
Ишни бошлар эди Элликқалъадан.
Қумлар бағрида қад ростлаган, чорак аср ичида боғ-роғларга, арчазорлар ва гулзорларга айланган Бўстон шаҳри ижодкорлар тилида “Элликқалъанинг эллик биринчи қалъаси”, “Ўзбекистон Женеваси”, “Арчазорлар шаҳри” дея эътироф этилди.
2001 йилда Отажон Худойшукуров жамғармаси ва Элликқалъа тумани ҳокимлигининг таклифига кўра, икки йилда бир ўтказиладиган “Қамбарнинг олтин сози” кўрик-танлови “Нафосат-бўстоним маним” деб номланган ёшлар фестивалига айлантирилди. Фестивалнинг асосий йўналиши, албатта, Отажон Худойшукуров номи билан боғлиқ кўрик-танлов бўлиб қолди. Фақат бу кўрик-танлов доираси кенгайтирилиб, унга мумтоз ашулалар, мақомлардан ташқари бошқа ижрочилик йўналишлари ҳам киритилди. Шунингдек, фестиваль доирасида ёш ижодкорлар, рассомлар, ҳунармандлар кўргазмалари ва кўрик-танловлари ҳам ўтказиладиган бўлди.
2001 йилнинг июль ойида ўтказилган кўрик-танлов юртимиз мустақиллигининг 10 йиллиги билан боғлиқ ҳолда кечди. Кўрик-танловда 100 дан ошиқ ёш хонанда иштирок этди. Нуфузли ҳайъат қарорига кўра, Сададин Сафоев, Роҳила Рўзимова, Гулсара Ғоипова, Санобар Қиличева, Қўчқор Эргашев, Ҳурмат Оллаёров ғолиб деб топилди. Танлов ғолиблари санъат олий ўқув юртларига имтиёзлар асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди. Фестиваль доирасида “Назм ва наво” кечаси ўтказилди. “Авесто” асари яратилганлигининг 2700 йиллиги муносабати билан “Авестохонлик” илмий анжуманлари ташкил этилди. Бу илмий анжуманларда республикамизнинг таниқли тарихчилари, шарқшунослари, археологлари иштирок этди. Улар маърузаларида “Авесто” асарининг яратилиши ва унинг 24 мингта мол терисига битилиб китоб ҳолига келтирилиши мана шу ўлка, бу ўлкадаги қадим шаҳарлар ва қалъалар билан боғлиқлигини эътироф этишди. Ҳаётда “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” деб аталган улуғ ғояни яратган, шу асосда башариятнинг тараққиёт йўлини белгилаб берган, китобот санъатининг илк намунаси саналган бу асарнинг юртимиз тарихи билан боғлиқлиги бугунги авлодлар қалбида ҳам фахр-ифтихор уйғотади.
Фестивалда сўз қайси мавзу ҳақида бўлмасин– хоҳ тарих, хоҳ бугун, хоҳ бадиий ижод, хоҳ маданият, санъат– асосий гап Отажон Худойшукуров қўшиқлари, унинг хонандалик, созандалик маҳорати, мероси ҳақида борди. Бўлиб ўтган анжуманларда турли хил таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Элликқалъа тумани, Бўстон шаҳрида улуғ ҳофиз номи билан боғлиқ санъат масканлари барпо этиш, хотирасини абадийлаштириш борасида таклифларни ўртага ташлади. Атоқли шоир Отажон Худойшукуровнинг ҳам инсон, ҳам санъаткор сифатида улуғлигини алоҳида эътироф этди: “Отажон Худойшукуров машҳур ҳофиз бўлишига қарамасдан жуда оддий, камтар, ўта самимий инсон эди. Унинг бетакрор, беғубор, чексиз-чегарасиз нафаси ва ноёб овозига ҳамиша қойил қоламан. Мен санъатшунос эмасман, санъатсеварман. Бир инсон сифатида яхши ва ёмон қўшиқларни юрагим билан ҳис қиламан. Эрмакомуз хиргойи билан умрбоқий овоз қудратининг фарқига бораман. Чунончи, радио ва телевидениеда ҳар дақиқада қийшанглаб, маза-матрасиз жумлаларни ижро қилиб юрганларга, уларнинг мухлисларига ҳам раҳмим келади. Шундай пайтлари айрича соғинч билан Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Ҳожихон Болтаев каби ҳофизлар ижро этган унутилмас қўшиқларни қўмсай бошлайман. Мана шу мўътабар ҳофизларнинг кейинги авлодларига мансуб санъаткорлар орасида Отажон Худойшукуровдек оташнафас ҳофизнинг борлигидан фахрланаман. У халқимизга замонлар синовидан ўта оладиган умрбоқий қўшиқларни мерос қолдирди”.
Отажон Худойшукуров жамғармасининг низомига кўра, навбатдаги фестиваль ва республика ёш хонандаларининг улуғ ҳофизга бағишланган кўрик-танлови 2003 йилнинг августида бўлиб ўтди. Кўрик-танлов иштирокчилари сони янада кўпайди. Чунки кўрик-танловда мумтоз ашулалар, мақом ижрочиларидан ташқари халфалар, бахшилар, эстрада, опера ижрочилари ҳам синовдан ўтказилди. Ҳунармандлар, рассомлар, фотосуратчилар кўргазмалари ташкил қилинди. Шу билан бирга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари ҳамкорлигидаги “Ақчакўл илҳомлари” деб аталган ёш шоирлар кўрик-танлови ва семинари ҳам уюштирилди. Умуман, Бўстон шаҳрида бундай фестиваль ва республика миқёсидаги ёш хонандаларнинг, шоирларнинг кўрик-танловлари тўққиз марта ўтказилди. Ҳар икки йилда ўтадиган ёш санъаткорлар ва шоирлар анжуманлари халқнинг байрамига айланди. Хўш, бу фестиваль ва кўрик-танловлар натижасида қандай ютуқлар қўлга киритилди?
Энг аввало, бу фестиваль туфайли Отажон Худойшукуровнинг номи нафақат Элликқалъа ва Қорақалпоғистонда, балки мамлакатимиз миқёсида улуғланди. Улуғ шоир Абдулла Орипов орзу қилганидек, Элликқалъада атоқли ҳофизнинг хотираси абадийлаштирилди. Бўстон шаҳридаги кўчалардан бири, Маданият ва истироҳат боғи Отажон Худойшукуров номи билан аталди. Бўстон Санъат саройи олдида унинг бюсти ўрнатилди. Санъат саройига туташ нуқтада санъат коллежи барпо этилиб, унга улуғ ҳофиз номи берилди. Эндиликда бу коллежда кўплаб ёш хонандалар таълим олмоқда. Коллеж қошида ташкил этилган “Ёш мақомчилар” ансамбли республикамиз миқёсида ўз нуфузига эга. Бу ҳам ҳофиз мероси билан боғлиқ амалга оширилган ишлардан бири ҳисобланади.
Иккинчидан, улуғ ҳофиз номидаги кўрик-танлов бир неча юзлаб ёш хонандаларни синовдан ўтказди. Нафақат синовдан ўтказди, балки улар Отажон Худойшукуровнинг санъатга бўлган меҳр-муҳаббатидан ҳам сабоқ олдилар. Унинг юксак ижрочилик санъатининг сирларидан огоҳ бўлдилар. Уларда улуғ ҳофиз мероси туфайли санъатга янгича қараш шаклланди. Айни пайтда бу танловларда ғолиб бўлган ўнлаб ёш хонандалар кейинчалик етук санъаткорлар бўлиб етишиб, халқ хофизи, халқ артисти, хизмат кўрсатган артист, халқ бахшиси каби унвонлар билан тақдирланди. Бу танловлар улар учун катта саҳна сари йўл очиб берди.
Эсимда, V кўрик-танлов якунланиб, ғолиблар концерт бераётганда кутилмаган бир ҳолат рўй берди. Саҳнага Дилшодбек деган ўсмирни таклиф қилишди. Дастлаб унинг саҳнага таклиф қилинганидан кўпчилик ҳайрон бўлди. 13-14 ёшлардаги бу йигит асли Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан экан. 5-6 ёшлигидан бошлаб магнит тасмаси орқали Отажон Худойшукуров қўшиқларини эшитиб, уларни ёдлаб олибди. У эндиликда санъатга ихлоси баландлигидан Хоразмга келиб, санъат билим юртида таълим олаётган экан. Кўриниши, қиёфаси, юз-кўзидан улуғ ҳофизнинг ёшлигини эслатадиган бу йигит “Хоразм сегоҳи”ни шундай куйладики, гўё Отажон Худойшукуров ҳаётга қайтиб, яна қайтадан саҳнани эгаллагандай бўлди. Кўрик-танловлар давомида бундай янгиликлар ҳам рўй бериб турди.
– Отажон Худойшукуров ёшлардан бирортасида санъат учқунини кўрса, уни дарров ўзига шогирд қилиб оларди. У шогирдлари кўп устоз эди. Аммо шогирдларига ҳам инсонийлик, ҳам санъатдан, хонандаликдан қатъий сабоқ берарди. Мен бунга 20 йилдан ортиқ у билан бир ансамблда ишлашган пайтимда гувоҳ бўлганман. Улуғ санъаткорлар нафақат тириклигида, балки қолдирган ўлмас мероси билан ҳам ёшлар учун устозлик вазифасини бажарар экан. Кўрик-танловда Отажоннинг ижро йўлини эгаллаган ёшларнинг кўплигини кўриб, бунга амин бўлдим, – деган эди Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон халқ артисти Байрам Матжонов. – Яна бир ҳолат: кейинги йилларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний, Амударё туманларида бахшилар, жировлар, халфалар йўқолиб кетган эди. Кўрик-танлов туфайли ушбу ҳудудларда яна бахшичилик, халфачилик, жировчилик мактаблари пайдо бўлди. Улуғ инсонларнинг ишлари ҳам, мероси ҳам улуғ бўлади, дейишади. Отажоннинг мероси ҳам улуғ. Мен азиз дўстим ҳақида кечаги кун маъносида гапира олмайман. Гўё бир соат олдин унинг кулимсираб турган чеҳрасини кўргандек, ширали овозини эшитгандек, бир соатдан кейин яна қучоқ очиб учрашишимиз муқаррардек туюлаверади.
Атоқли ҳофизга бағишланган навбатдаги анжуманлардан бирида шоир Матназар Абдулҳаким устоз ва шогирдга бағишланган шеърини ўқиди. Шеърда ўз ўқувчилари учун жонини фидо қилган ўқитувчи ҳаёти ифодасини топган. Шеър анжуман иштирокчиларини чинакам ҳайратга солади. Ахир, ҳаётда ҳам шогирдлари учун жонини бахш этган устозлар камми? Отажон Худойшукуров ҳам шогирдлари учун чинакам санъат сабоқларини, инсонийлик сабоқларини қолдирмадими? Орадан икки йил ўтганидан кейин туман ҳокимлиги ва Отажон Худойшукуров жамғармасининг ташаббуси билан Бўстон шаҳрида “Устозга таъзим” майдони барпо этилиб, ўқитувчи ва ўқувчи ҳайкали қад ростлади. Бу майдон ҳозиргача мамлакатимизда устозларга эҳтиромни намоён этувчи ягона маскан ҳисобланади.
Атоқли ҳофиз номидаги жамғарма туман ҳокимлиги билан биргаликда Элликқалъада бундан бошқа ҳам хайрли ишларни амалга оширди. Бўстон шаҳрида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда икки марта “Хоразм давлатчилиги тарихи ва унинг дунё цивилизациясида тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий анжуман ўтказилди. Бу илмий анжуманларнинг ҳар бирида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан тарихчилар, археологлар, шарқшунослар келиб Элликқалъа туманидаги тарихий ёдгорликларда олиб борилаётган археологик қазишмалар билан танишдилар. Хоразм ниҳоятда қадимий давлатчилик тарихига эга ўлка эканлигини эътироф қилдилар. Шу билан бирга жамғарма саъй-ҳаракати билан Бўстон шаҳридаги Санъат саройи яқинида Элликқалъадаги ўндан ортиқ қадимий қалъаларнинг асл кўринишини макет ҳолатда намоён этувчи “Очиқ осмон остидаги музей" яратилди. Жамғарма айни пайтда иқтидорли ёшларга яқиндан ёрдам кўрсатганлиги ҳам таҳсинга сазовор.
Элликқалъада бўлиб ўтган кўрик-танлов ва анжуманлардан бирида Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов ҳам иштирок этди. У туманнинг диққатга сазовор жойларини, тарихий ёдгорликларини, Бўстондаги бунёдкорликларни бориб кўрди. Қизилқум сарҳадларида улуғвор ишлар амалга оширилаётганидан қувонди.
– Бу ерда қилинаётган ишлар, ҳақиқатан ҳам, ҳайратомуз. Чўл бағрида бундай гўзал масканга дуч келаман, деб ўйламагандим, — деб ёзганди олим кейинчалик хотира битикларида. — Айниқса, атоқли ҳофиз Отажон Худойшукуров хотираси билан боғлиқ ҳолда ҳам ёш хонандалар, ҳам ёш ижодкорларнинг кўрик-танловлари ўтказилаётгани ҳар қанча мақтовга лойиқ. Бу танлов орқали, бир томондан, улуғ санъаткор хотираси эъзозланса, мероси улуғланса, иккинчи томондан, қанча ёшлар учун маънавият, маданият, бадиий ижод эшиклари очилмоқда. Бундай анжуманлардан халқ баҳра олмоқда. Аслида шундай бўлиши керак. Ҳар бир вилоят, туман раҳбарлари ҳудудларидаги санъат, адабиёт, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалардаги етук шахсларни ана шундай улуғлашлари зарур. Бу чинакам ҳаёт мактаби бўлади. Афсуски, бундай ишларни амалга оширишга аксарият раҳбарларда шижоат, фидойилик етишмайди. Элликқалъа тумани ҳокимида эса ана шу фидойилик, шижоат ва юртга чинакам меҳр-муҳаббатни кўрдим. Фақат бир ҳадик бор, бу ҳадик шундаки, бу ерда раҳбар алмашиши билан амалга оширилаётган хайрли ишлар тўхтаб қолмаса эди!
Матёқуб Қўшжоновнинг бу ҳадигида жон бор эди. Негаки республикамизда турли йилларда Комилжон Отаниёзов, Ҳожихон Болтаев, Маъмуржон Узоқов ва бошқа шу каби улуғ санъаткорлар хотирасини эъзозлаш билан боғлиқ анжуманлар, кўрик-танловлар бир-икки бор тантанавор ўтказилиб, кейин изсиз кетганди. Афсуски, Отажон Худойшукуров номи билан боғлиқ кўрик-танлов, ёшлар фестивалининг тақдири ҳам шундай бўлди. 2015 йилда ўтказилган IX кўрик-танлов анжуманларнинг охиргисига айланди. Кейинги беш йилда Элликқалъада бундай анжуман ўтказилмади.
Мен улуғ ҳофизнинг хотираси билан боғлиқ бу анжуманларнинг аксариятида иштирок этганман. Қачон Элликқалъага борсам ўша куй-қўшиқларга, мушоираларга тўла давралар, устоз ижодкорлар ва санъаткорларнинг ёшлар билан гурунглари, мулоқотлари, элликқалъаликларнинг бу санъат, адабиёт байрамлари туфайли юзларида зоҳир бўладиган чексиз қувончлар кўз олдимга келади. Шуларни эслаб, наҳотки, ана шундай байрамларга айланадиган анжуманлар, кўрик-танловларни ўтказиш энди барҳам топган, ниҳоясига етган бўлса, деб ўйлайман. Хаёллар маҳзунлашади...
Яқинда матбуотда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда улуғ санъаткор хотирасини абадийлаштиришдан тортиб, унинг меросини ўрганиш, тадбиқ қилиш, ёшларни бу меросдан баҳраманд этишгача бўлган барча жараёнлар қамраб олинган. Санъаткорнинг 85 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш белгиланган. Бошқача айтганда, юртга, халққа хизмат қилган улуғ инсонлар, санъаткорлар номи, хотираси ҳеч қачон унутилмаслигини давлатимиз раҳбари яна бир бор намоён қилди. Улуғ санъаткорга ҳурмат-эҳтиром эътироф этилди. Президентимиз бошлаб берган бу иш ибрат сифатида келгусида ҳам давом этиши аниқ. Жойларда ҳам ана шундай ибратли ишлар амалга оширилса, санъаткорлар ва улуғ шахсларга бағишланган анжуманлар ўтказилса, Элликқалъада улуғ ҳофиз номи билан боғлиқ кўрик-танлов тикланса, нур устига аъло нур бўларди. Демак, азалий энг яхши анъаналар яна юртимизда давом этишига умид бор.
Атоқли ҳофиз Отажон Худойшукуров суҳбатларидан бирида “Ҳар бир хонанда фаолияти давомида замонлар оша эскирмайдиган, сарҳадлар оша тўсиқ билмайдиган умрбоқий қўшиқлар яратиши керак. Умрбоқий қўшиқларнинг эса парвози баланд бўлади. У барча халқлар учун бирдай хизмат қилади. Хонанданинг бахти ҳам шунда”, деган эди. Не бахтки, орадан ўтган йиллар унинг ўзи ҳам умрбоқий қўшиқлар яратган улуғ санъаткор эканлигини, халқнинг унга эҳтироми ҳеч қачон сўнмаслигини яна бир бор исботлади. У умрбоқий қўшиқлари, ашулалари билан нафақат ўзини, санъатимизни, халқимизни ҳам улуғлади!
Камол Матёқубов,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист.