Хитойдан Марказий Осиёга илк туристик поезд йўлга чиқди
Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу йўналишда халқаро туристик поездлар қатновини йўлга қўйиш икки минтақа ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Жорий йилдаги биринчи Хитой – Марказий Осиё халқаро туристик поезди 3 июль куни Хитойнинг Хоргос темир йўл чегара ўтиш пункти орқали давлат чегарасини кесиб ўтди.
Маълум қилинишича, Сиань – Олмаота йўналишида ҳаракатланаётган мазкур поезд 29 июнь куни Сиань шаҳридан 260 нафар йўловчи билан йўлга чиққан. 2026 йил давомида мазкур йўналишда яна учта туристик поезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Келгусида бозор талаби ва туристик оқимдан келиб чиқиб, қатновларни мунтазам асосда ташкил этиш кўзда тутилган.

Поезд қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб ҳаракатланиб, Ганьсу йўлаги ва Тянь-Шань тоғ тизмаларини кесиб ўтади ҳамда Хоргос орқали Қозоғистон ҳудудига киради. Чегара пунктида 58 нафар турист божхона ва чегара назоратидан ўтгач, сафарни давом эттириш учун Қозоғистон темир йўллари поездига ўтказилди.
Халқаро поезд чегарадан тезкор ва узлуксиз ўтиши учун Хоргос темир йўл станцияси божхона ҳамда чегара хизматлари ҳамкорликда иш олиб борди. Хусусан, чиптани расмийлаштириш, чегара назоратини ташкил этиш ва турли ўлчамдаги темир йўл изига мослаштириш ишлари мувофиқлаштирилди.

Урумчи темир йўл бошқармаси вакиллари билдиришича, Хитой ҳудудидан ташқаридаги йўналиш бўйича йўловчилар ташуви ва чипталарни расмийлаштириш Қозоғистон темир йўллари томонидан амалга оширилади. Шу мақсадда икки мамлакат темир йўл ташкилотлари ҳамкорлиги доирасида йўловчилар учун чипталар олдиндан расмийлаштирилди.
Қайд этилишича, туристик поезд учун ишлаб чиқилган алоҳида чегара назорати режасига мувофиқ текширув жараёни такомиллаштирилиб, йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш ва назорат постларидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилди. Бу поезд чегарадан хавфсиз ва тезкор ўтишига хизмат қилди.

Икки хил йўналишни ўз ичига олган сафар дастури саёҳатни Шимолий ва Жанубий Шинжон ҳудудларидаги тарихий-маданий мерос объектлари ҳамда бетакрор табиий масканлар билан уйғунлаштиради. Давомийлиги 16 кун, 15 кечани ташкил этадиган мазкур саёҳат узоқ масофани ортиқча кўчишсиз босиб ўтиш, шу билан бирга Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган ҳудудларнинг бой тарихи, маданий мероси ва табиий гўзаллигини яқиндан кашф этиш имконини беради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА