Ливан Президенти Вашингтонга сафар қилади
Ливан Президенти Жозеф Аун Исроил билан доиравий келишув бўйича музокарани якунлаш мақсадида АҚШга ташриф буюришни режалаштирган.
У июль ойи охирига қадар Вашингтонда Президент Дональд Трамп билан учрашиши кутиляпти.
Ливаннинг нуфузли “Ан-Наҳор” газетаси ёзишича, Жозеф Аун шу ой охирига қадар Оқ уйга расмий ташриф буюришга тайёргарлик кўрмоқда. Сафар доирасида у Америка раҳбари билан музокара ўтказади. Мазкур олий даражали учрашув АҚШ етакчиси ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида кечадиган музокарадан сўнг ташкил этилади.
Газета алоҳида қайд этишича, ташриф давомида Нетаньяху билан бевосита мулоқот назарда тутилмаган. Аввалроқ Жозеф Аун АҚШ маъмуриятини Исроил қўшинини Ливан ҳудудидан олиб чиқиш жараёнини тезлаштириш учун Тель-Авивга нисбатан босимни кучайтиришга чақирган эди.
Умуман, мазкур ташриф Ливан-Исроил чегарасида барқарорликни таъминлаш ҳамда доиравий келишув бўйича музокарани илгари суришда муҳим қадам бўлиши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА