Хитой нашри: Ўзбекистон камбағалликни қисқартиришда жаҳон тажрибасини фаол қўлламоқда
Хитойнинг нуфузли «Haixia Tongxun» журналининг июнь сонида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ислоҳотларига бағишланган мақола чоп этилди.
Унинг муаллифлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти Осиё-Тинч океани минтақасини ўрганиш маркази раҳбари Аббос Бобохонов ҳамда институт илмий ходими Мадина Алимова саналади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Хитой қисқа тарихий даврда юз миллионлаб аҳолини қашшоқликдан чиқаришга муваффақ бўлган. Натижада БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган ўта қашшоқликни бартараф этиш вазифасини муддатидан олдин бажарган давлатлардан бирига айланган. Шу боис мазкур тажриба Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда аҳоли даромадларини ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва барқарор ўрта синфни шакллантиришни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилади. Бу жараёнда мамлакатимиз Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиб, уни миллий шароитларга мослаштирмоқда.
Муаллифлар 2021 йилда Ўзбекистон ва Хитойнинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганини ёдга олган. Мазкур ҳужжат асосида тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва пилот лойиҳаларни амалга ошириш йўлга қўйилган.
2023 йилдан бошлаб эса икки томонлама амалий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистонлик мутахассислар Хитойда бўлиб, жойлардаги маҳаллий тажрибани ўрганди, хитойлик экспертлар эса юртимиз ҳудудларида тадқиқотлар ўтказди. Бундай шериклик натижасида бугунги кунгача 18 та устувор лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.
Мақолада Ўзбекистон ҳудудларида Хитой модели асосида пилот туманлар ташкил этилганига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ҳудудларда йўл, электр ва сув таъминоти, алоқа инфратузилмаси, туризм, кичик бизнес ва саноатлаштириш йўналишларини ривожлантиришга урғу берилмоқда. Экспертлар бу ёндашувни Хитойнинг қолоқ ҳудудларни манзилли ривожлантириш стратегиясига ўхшатади.
Шунингдек, материалда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича махсус икки томонлама ҳамкорлик механизми шакллангани баён қилинган.
Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда бир қатор амалий натижаларни бермоқда. Хусусан, пилот ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш занжирларини шакллантириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасида нафақат Хитой, балки Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинми, Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни уйғунлаштирган ҳолда ўз миллий моделини изчил шакллантирмоқда.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.