Хитой билан аграр илм-фан соҳасидаги халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Айни кунларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори Диёр Жўраев бошчилигидаги делегация аъзолари хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Хизмат сафари давомида аграр илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда инновацион технологиялар билан танишишга қаратилган бир қатор учрашувлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Хитойнинг етакчи олий таълим ва илмий муассасаларидан бири — Шимоли-ғарбий Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети (Northwest A&F University) Ўсимликларни ҳимоя қилиш факультети декани, профессор Жун Годан билан музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда жорий йил Хитойнинг Шэньси провинцияси Янлин шаҳрида бўлиб ўтадиган Ипак йўли Қишлоқ хўжалиги таълими ва илмий тадқиқотлар инновация альянсининг 11-йиллик анжумани доирасида "Ўсимликларни ҳимоя қилишда инновациялар ва қишлоқ хўжалигининг юқори сифатли ривожланиши" мавзусидаги халқаро сессияда институт мутахассисларининг илмий маърузалар билан қатнашиши юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур халқаро анжуман доирасида Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, профессор Диёр Жўраев ҳам "Ўзбекистон жанубида қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси, агротехнологиялари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш" мавзусида маъруза қилиб, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва эришилган натижаларни халқаро илмий ҳамжамият вакилларига тақдим этди.

Мулоқот давомида ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, олимлар ва ёш тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА