"Ҳукумат соати": Геология вазири депутатлар саволларига жавоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Ер қаъридан фойдаланишда атроф-муҳитнинг, ер ва сув ресурсларининг муҳофаза қилиниши ҳамда тоғ-кон ишларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов жавоб берди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ер қаъридан ва фойдали қазилмалар ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қазиб олиш жараёнларида атроф-муҳит ва ер қаъри ифлосланишининг олдини олиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш, тоғ-кон ишларида саноат хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, конларни қазиб олиш жараёнларида рақамлаштириш ва кам чиқиндили технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конларнинг 3D моделлари яратилиб, “ақлли” бошқарув тизимлари орқали қазиш ишларини аниқ ва самарали ташкил этиш йўлга қўйилган. Қазиб олиш жараёнида ҳосил бўладиган жинслар ва чиқиндилар қайта ишланиб, қурилиш материаллари сифатида фойдаланилмоқда.
Соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш борасида ҳам муҳим қадамлар ташланмоқда. “Геомониторинг” ахборот тизими жорий этилиб, 2 мингдан ортиқ фойдали қазилма участкалари тўғрисида маълумотлар рақамлаштирилган.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида вазирлик ва тизим ташкилотларида ички назорат тузилмалари ташкил этилган. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, харидлар жараёнини шаффофлаштириш, алоқа каналлари орқали мурожаатларни ўрганиш, хизмат текширувларини ўтказиш ва рақамли назорат механизмларини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вазирга кўра, 2025 йилда 2 085 гектарлик бузилган ерлар рекультивация, яъни қайта тикланган. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 340,8 гектар майдонда рекультивация ишлари амалга оширилган. Йил якунига қадар 1 000 гектарлик кўрсаткичга эришиш режалаштирилган.
[gallery-30311]
Соҳада рухсатномалар олиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида рақамлаштириш ишлари кенгайтирилиб, “Е-Аукцион”, “Лицензия” ахборот тизимлари орқали норуда ва олтин изловчилар фаолияти учун рухсатномалар электрон шаклда берилиши йўлга қўйилган.
Сув ҳисоблаш воситаларини рўйхатга олиш тизими тўлиқ “ягона дарча” тамойили асосида жорий этилиб, 2 минг 663 та сув ҳисоблаш воситалари рўйхатга олинган.
Шу билан бирга, ер ости сув ресурсларидан фойдаланиш ва қудуқларни бурғилаш ишларини тартибга солиш борасида кўрилаётган чораларга қарамасдан 2025 йилда 698 та ер ости сувларига ноқонуний қудуқ бурғилаш ва сувдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Муҳокамалар давомида депутатлар ер қаъридан фойдаланишда экологик хавфсизликни таъминлаш, бузилган ерларни рекультивация қилиш суръатларини ошириш, ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш, ноқонуний қудуқ бурғилаш ҳолатларининг олдини олиш, тоғ-кон ва нефть-газ объектларида саноат хавфсизлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Депутатлар томонидан соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, рухсат бериш тартиб-таомилларида инсон омилини камайтириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ҳамда назорат тадбирларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари соҳада лицензия ва рухсатномалар олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, иш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва инсон омилини тўлиқ бартараф этиш, фойдали қазилмалардан самарали фойдаланишда замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасида қандай қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилаётгани билан қизиқди.
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари эса кон портлатиш технологияси ва амалиётини янада такомиллаштириш, хусусан, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича қазиб олиш ишларининг экологик талабларга мувофиқ ташкил этилиши бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан саволлар берди.
“Адолат” СДП фракцияси вакиллари тоғ-кончилик соҳасида ҳосил бўладиган жинслар ва чиқиндилар миқдорини камайтириш, яъни қайта ишлаш ёки утилизация қилиш, жавобгарлик чораларининг самарадорлиги ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш масалаларини кўтарди.
ЎзХДП фракцияси аъзолари тоғ-кон саноатида меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлигини янада кучайтириш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ходимлар малакасини ошириш ҳамда уларнинг хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари эса ер остидан сув олиш иншоотларига сув ҳисоблаш воситалари ўрнатилишини таъминлаш, ер ости сув сатҳи пасайиб бораётган ҳудудларда ер ости сувлари мониторингини кучайтириш, ер ости сувларига қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича 21 та ҳудудда жорий этилган мораторий талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан фикрларини билдирди.
Вазир депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга батафсил тушунтиришлар бериб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳақида ахборот берди.
“Ҳукумат соати”да ер қаъридан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, ер ва сув ресурсларини асраш, тоғ-кон ишларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, соҳада рақамлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
ЎзА