Хитой – АҚШ муносабатларида ёшлар мулоқотига эътибор
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 23-25 сентябрь кунлари АҚШда давлат ташрифи билан бўлади. Ташриф арафасида Си Цзиньпин АҚШнинг ўнта университети талабаларига йўллаган жавоб мактубида икки мамлакат ёшларининг ўзаро мулоқоти ва ҳамкорлигига тўхталиб, улар бир сайёрада яшаётгани ва давр олдидаги масъулиятни биргаликда зиммасига олишини таъкидлади.
Си Цзиньпин сўнгги йилларда Хитой ва АҚШ ёшлари ўртасидаги алмашинувларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Унинг турли йилларда америкалик ўқувчи ва талабаларга йўллаган мактубларида икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, таълим ва маданий алмашинувларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Бу ёндашув Хитой – АҚШ муносабатларининг мураккаб даврида ҳам одамлар ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолиш муҳимлигини кўрсатади. Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, икки мамлакат ёшлари дўстлик ва ҳамкорликнинг давомчилари бўлиши, халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва яқинлашувга ҳисса қўшиши керак.

Хитой раҳбари 2023 йил ноябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида кейинги беш йил давомида 50 минг нафар америкалик ёшни Хитойга таълим ва маданий алмашинувларда иштирок этиш учун таклиф қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус доирасида америкалик мактаб ўқувчилари, талабалар ва ёшлар Хитойнинг турли шаҳарларига ташриф буюриб, мамлакат ҳаёти, маданияти ва таълим тизими билан танишиш имконига эга бўлди.
Жорий йил май ойига келиб Хитойга ташриф буюрган америкалик ёшлар сони 50 мингдан ошди. Шу тариқа мазкур ташаббусда белгиланган кўрсаткич муддатидан икки ярим йил аввал амалга оширилди.
Си Цзиньпин ушбу ташрифлар муносабати билан америкалик ёшларни Хитойни ўз кўзи билан кўриш, мамлакатни турли жиҳатлари билан танишиш ва хитойлик тенгдошлари билан мулоқот қилишга чақирган. Хитой томони бу каби алмашинувларни икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни кучайтирувчи муҳим восита сифатида кўрмоқда.

Хитой – АҚШ ўртасидаги халқ дипломатияси анъаналари анча узоқ тарихга эга. Бундан 55 йил аввал бошланган “пинг-понг дипломатияси” икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим воқеа сифатида қайд этилади. Бугун эса таълим, маданият, спорт ва ёшлар алмашинувлари ана шу алоқаларнинг замонавий шаклларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Си Цзиньпиннинг америкалик талабаларга сўнгги жавоб мактубида ҳам айнан шу масалага урғу берилган. У икки мамлакат ёшларини Хитой – АҚШ дўстлиги ва ҳамкорлигининг давомчилари бўлишга, халқларнинг ўзаро англашуви ва яқинлашувига ҳисса қўшишга чақирган.

Хитой – АҚШ муносабатларида сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар билан бир қаторда халқлар ўртасидаги мулоқотни сақлаш ва ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар ўртасидаги таълим ва маданий алмашинувларнинг кенгайиши эса икки мамлакат жамиятлари ўртасидаги ўзаро тушуниш учун янги имкониятлар яратаётгани қайд этилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА