Ҳисобот эмас, халқ розилиги асосий мезон бўлиши керак
Рақамлар чиройли кўриниши мумкин. Ҳисоботларда барча вазифалар ўз вақтида бажарилгандек ҳам туюлади. Аммо одамлар ҳаётида ўзгариш бўлмаса, ҳужжатлардаги “бажарилди” деган қайднинг ўзи ҳеч қандай қиймат касб этмайди. Жиззах вилоятида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда айнан шу масалага устувор эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда ижро интизомини таъминлаш, Президент ва ҳукумат топшириқлари ижросини танқидий таҳлил қилиш ҳамда раҳбарлар шахсий масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилишда бир ҳақиқат яна бир бор очиқ айтилди: давлат бошқарувида ижро интизоми — оддий расмиятчилик эмас, халқ ишончини мустаҳкамлайдиган энг муҳим омилдир. Чунки Президент ва Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, инсон манфаатини таъминлаш, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳолининг турмуш сифатини юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Бунинг учун эса ҳар бир топшириқ қоғозда эмас, амалда ўз ифодасини топиши шарт.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида давлатимиз раҳбари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокими томонидан берилган топшириқлар ижроси мунтазам мониторинг қилинди. Бу даврда атиги битта топшириқ ижросида кечикишга йўл қўйилган. Бир қарашда бу ижобий кўрсаткичдек туюлади. Аммо йиғилишда рақамлар ортидаги ҳақиқий аҳвол таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, айрим топшириқлар ахборот тизимларида “бажарилди” деб белгиланган бўлса-да, аҳоли кутаётган натижа жойларда ҳали тўлиқ сезилмаган. Демак, электрон тизимдаги белгилар билан инсонларнинг кундалик ҳаёти ўртасида ҳали ҳам муайян тафовут мавжуд. Энди эса ана шу фарққа барҳам бериш бош вазифа этиб белгиланди. Бундан буён ҳар бир ижро ҳужжатдаги ҳисобот билан эмас, одамлар ҳаётида қандай ўзгариш юз бергани, фуқароларнинг розилиги ва амалий самара билан баҳоланади.

Йиғилишда сўнгги икки йилда Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришга қаратилган бешта муҳим ҳужжат ижроси ҳам синчиклаб таҳлил қилинди. Уларда назарда тутилган 294 та топшириқдан 125 тасининг ижро муддати якунланган. Бироқ уларнинг бор-йўғи 42 таси тўлиқ бажарилган, холос. 78 та топшириқнинг муддати етиб келган бўлса-да, ҳали ҳам “бажарилмоқда” тоифасида қолмоқда. Яна 5 та топшириқ умуман бажарилмаганини қандай баҳолаш мумкин? Бу рақамлар айрим раҳбарлар иш услубини жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмайдими?
Таҳлиллар қурилиш, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, ижтимоий соҳа ва туризм каби устувор йўналишларда ҳам муаммолар сақланиб қолаётганини очиқ кўрсатди. Айрим инфратузилма объектларини таъмирлаш ишлари кечиккан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш белгиланган муддатларда якунланмаган, балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш, инвестиция дастурлари ҳамда реновация ишларида ҳам масъулият талаб даражасида бўлмагани кескин танқид қилинди.
Президент ташрифи давомида шаҳар ва туманларга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорлик самарадорлиги ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Масъуллардан ҳар бир имкониятни ишга солиш, йирик инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш ва энг муҳими, уларнинг натижасини одамлар ҳаётида намоён этиш талаб этилди.
Йиғилишда энди ҳар бир топшириқнинг ижроси кабинетлардаги маълумотлар билан эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилиши қайд этилди. Қайси объект фойдаланишга топширилди? Қайси муаммо ҳал этилди? Қайси маҳаллада одамлар бу ўзгаришни ҳис қилди? Ана шу саволлар раҳбар фаолиятига бериладиган асосий баҳо мезонига айланади.
Йиғилиш якунида барча раҳбарларга иш услубини тубдан ўзгартириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ҳар бир топшириқнинг тўлиқ ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, июль ойида Жиззах вилояти ҳокимлиги масъуллигидаги топшириқлар ижросини тасдиқланган график асосида таъминлаш, ҳар ой юқори ижро кўрсаткичларига эришиш вазифаси белгилаб берилди.
Йиғилишнинг энг муҳим хулосаси эса битта ғояда мужассам бўлди: раҳбарнинг ҳақиқий баҳоси ҳисоботдаги рақамлар эмас, одамлар ҳаётидаги ўзгаришдир. Агар фуқаро ўз муаммосига ечим топган бўлса, эртанги кунига ишончи ортган бўлса, бу — ижро интизомининг энг холис баҳоси бўлади. Зеро, халқ розилиги таъминланган жойдагина ислоҳотлар ўзининг ҳақиқий самарасини беради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири