Киберхавфсизликни ошириш – давр талаби
Наманганда республика Ички ишлар вазирлиги, “Uzсard” жамияти, Марказий банк ҳамда Ўзбекистон Маҳаллари уюшмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда рақамли саводхонлик ва киберхавфсизлик бўйича кенг кўламли компанияси” – “CyberWeek 2.0” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган мулоқотда Маҳаллалар уюшмаси, тижорат банклари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари масъул ходимлари ҳамда Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Чортоқ, Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятларни барвақт олдини олиш, фуқароларнинг кибермаданият ва кибергигенасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал вазифани ўтамоқда.

Учрашувда “Ягона умумреспублика процессинг маркази” акциядорлик жамияти (“Uzсard”) ахборот хавфсизлиги бўйича директорининг ўринбосари Ботиржон Шокомилов, Наманган вилояти ИИБ кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, капитан Аббосбек Маҳмудов, Ўзбекистон Маҳаллари уюшмаси бўлим бошлиғи Зафарбек Нарзиқулов таъкидлаб ўтишганидек, ривожланган давлатлар қатори Янги Ўзбекистонда ҳам рақамли технологиялар ҳар бир соҳада кенг татбиқ этиб келинмоқда.

Жумладан, фуқароларнинг интернетдан фойдаланиш, тегишли ахборотларни ижтимоий тармоқларга эркин жойлаштириш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Бу ўз навбатида, ҳар бир кибермакон фойдаланувчисидан ўз шахсига оид маълумотларнинг ҳамда банк карта ҳисобварақларидаги мулкининг хавфсизлигини таъминлашда масъулиятини оширишни талаб этмоқда.

Зеро, кўплаб фуқаролар, интернет фирибгарларининг ёлғон алдовларига учраб, билиб-билмасдан шахсий ва банк карта маълумотларини тақдим қилиши натижасида, ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўраётганлиги кузатилмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили, айниқса, банк карталари билан боғлиқ ўғрилик ва фирибгарлик ҳолатлари кундан-кунга тобора авж олаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, сўнгги олти йилда юртимизда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи айнан кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган. Кибержиноятлар анъанавий жиноятлардан тубдан фарқ қилганлиги сабабли ҳозирги кунда уларнинг салмоғи тобора ортиб бормоқда.
Қайд этилганидек, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг кескин кўпайиб бораётгани миллий қонунчиликка шундай турдаги жиноятлар учун жазо чораларини оғирлаштириш ва кибержиноятларнинг янги шакллари учун жавобгарлик белгилаш бўйича нормаларни киритиш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бу каби тарғибот қамровини кенгайтиришда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари, жамоат ташкилотларининг узвий ҳамкорлиги асосида комплекс ташвиқот олиб бориш зарурият эканлиги таъкидланди.
Мулоқотда “Маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан билдирилган таклиф-ташаббуслар тингланди ва саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.