Ҳиндистондан юборилган 1,8 кг. кучли таъсир қилувчи модда тўхтатиб қолинди
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси таркибидаги “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Ҳиндистондан пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган почта жўнатмасида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжудлиги аниқланди.
Ҳужжатларга кўра, жўнатмада соғломлаштирувчи биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) жўнатилгани кўрсатилган бўлса-да, божхона назорати давомида унинг асл мазмуни фош этилди. Жўнатма ичидаги 400 та канвалютада жами 6000 дона капсула “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси эканлиги маълум бўлди.
Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, мазкур капсулалар таркибидаги прегабалиннинг умумий миқдори 1,8 килограммни ташкил этган.
Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, прегабалин моддасининг 10 грамми ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Тезкор тадбирлар давомида мазкур жўнатмани қабул қилиб олаётган шахс ҳам божхона ходимлари томонидан қўлга олинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил давомида республика божхона органлари томонидан 140 килограммга яқин психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва ички айланмасига чек қўйилди. Бу шунчаки статистика эмас — бу минглаб ёшларнинг ҳаёти, соғлиги ва келажаги билан боғлиқ хавфли ҳолатлардир.
Кучли таъсир қилувчи моддалар инсон организмини заҳарлаб, унинг онги, саломатлиги ва тақдирига жиддий зарар етказади. Уларнинг тарқалиши эса жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларнинг ортишига сабаб бўлади. Божхонада тўхтатиб қолинган ҳар бир грамм модда — бу кимнингдир фарзанди, оиласи ва келажагини катта хавфдан асраб қолинганини англатади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА