Ҳаво ифлосланиши суицид хавфини оширадими?
Ҳаво ифлосланишининг қисқа ва узоқ муддатли таъсири инсонда суицидга оид фикрлар пайдо бўлиши ва ўз жонига қасд қилиш оқибатида вафот этиш хавфини ошириши мумкин экан. “Journal of Epidemiology & Community Health” журналида чоп этилган янги таҳлилда PM2.5 ва PM10 майда заррачаларига қисқа муддат, шунингдек азот диоксиди (NO₂) ва PM2.5 таъсирига давомий дуч келиш суицидга уриниш, суицидал фикр ёки ўлим хавфи билан боғлиқлиги аниқланган. Тадқиқотчилар ҳаво, шовқин, ёруғлик ва сув ифлосланишининг инсон руҳиятига эҳтимолий таъсири ўрганилган 40 дан зиёд тадқиқот натижасини таҳлил қилган.
Олимлар атроф-муҳит омили ва суицид хавфи ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликни организмдаги яллиғланиш, нейротоксик таъсир ва мия фаолиятидаги ўзгариш билан изоҳламоқда. Транспорт ва бошқа манбалардан келиб чиқадиган шовқин ҳамда сунъий ёруғлик эса уйқу ва циркад ритм бузилиши орқали стресс даражасига таъсир қилади. Изланувчилари ифлосланишни суицидал хулқ-атворнинг бевосита сабаби сифатида кўрсатмай, ўз жонига қасд қилишга олиб келувчи омиллар шахсий, биологик, ижтимоий ва маданий сабабларни қамраб олган мураккаб жараён эканини таъкидланган.
Мутахассислар экологик шароитни суицид хавфини шакллантирувчи омиллардан бири сифатида чуқурроқ ўрганиш зарурлигини қайд этмоқда. Айниқса, ҳаво ва сув сифати паст, яшаш шароити оғир, кундалик стресс ва ижтимоий тенгсизлик юқори ҳудудларда экологик ва ижтимоий омиллар бир-бирини кучайтиради.
Дунё бўйлаб ҳар йили 720 000 дан кўп инсон суицид оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Европа Иттифоқи ҳудудида 2023 йил ўз жонига қасд қилиш оқибатида 48 000 дан зиёд ўлим ҳолати қайд этилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА