Ҳар бир инсон учун муносиб меҳнат муҳити яратилиши лозим
Жамият тараққиёти инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаро учун тенг имконият яратиш билан ўлчанади. Бугун Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат қилиш, ўқиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар янги босқичга чиқмоқда. Бу йўналишда фаоллик кўрсатаётган тадбиркорлар ва корхоналар эса нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий масъулиятни ҳам зиммасига олмоқда.
Пойтахтимизда ўтказилган “Инсон учун – 2026” III анъанавий фестивали доирасида жамиятда тенг имкониятлар муҳитини яратишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ташаббускор ва ижтимоий масъулиятли тадбиркорлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Инклюзив иш берувчи – 2026” мукофоти билан тақдирланди. Мазкур мукофот ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун қулай ва инклюзив меҳнат муҳитини яратиш, инсон қадрини улуғлаш йўлида самарали фаолият олиб бораётган иш берувчиларни эътироф этиш мақсадида топширилди.


Бундан ташқари “Инсон учун” фестивали доирасида ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда бу йўналишда сезиларли натижаларга эришилган. Хусусан, бандлиги таъминланган ногиронлиги бўлган шахслар сони 2023 йилдаги 72 минг нафардан 2025 йилда 234 минг нафарга етиб, қарийб уч баробарга ошган. Инклюзивликни таъминлаётган корхоналар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган 2025 йилда 27 мингта корхона инклюзив муҳит яратган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 38 мингтага етди. Хусусий корхоналар сони эса 21 мингдан 30 мингтагача ошди.


Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун электрон бандлик платформаси ишга туширилди. Унда 7,3 мингта тадбиркорлик субъекти томонидан 69 мингта бўш иш ўрни жойлаштирилди. Платформа орқали 124 мингдан ортиқ электрон резюме шакллантирилиб, 53 мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Давлат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иш жойларини мослаштириш учун субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Бу каби ташаббуслар жамиятда инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда ҳар бир инсон учун тенг имконият яратиш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА