Ёшлар – тараққиёт ва келажак бунёдкори
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб, талабалар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрни ва масъулиятини ошириш, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳақида батафсил сўз юритилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг салбий оқибатлари ҳамда бугунги кунда долзарб бўлиб бораётган кибержиноятлардан огоҳ бўлиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда талабаларга божхона тизимининг мазмун-моҳияти, унинг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим ўрни ҳамда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида тушунтириш берилди. Соҳага қизиқиш билдирган ёшларга божхона органларида хизмат қилиш тартиби бўйича ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, меморандум имзолаш, талабаларнинг божхона органларида амалиёт ўташини самарали ташкил этиш ҳамда уларнинг инновацион ғоялари ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир самимий мулоқот руҳида ўтиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.