Ҳамкорлик ютуқлар омили бўлади
Кўникма ҳамиша билимларга асосланади ва маҳоратнинг негизи ҳисобланади. Агар инсон бирор жой, бирор жамоа ёки бирор иш олдида ўзини бегона ҳис қилса, халқимиз таъбири билан айтганда “кўзи ўрганиши” учун ойлаб, баъзида йиллаб олтиндан қиммат вақтини йўқотади. То мослашгунига қадар қанчадан-қанча имкониятларни қўлдан чиқаради.

Шу маънода жорий йилнинг 5 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида урғу берилгани айни муддао бўлди.
Хўш, бу ҳамкорлик нима беради? Энг аввало, ёшларда юқорида қайд этилган кўникмани ҳосил қилади. Профессор-ўқитувчиларни кўриб, уларнинг билимидан баҳраманд бўлиб “кўзи пишган” мактаб ўқувчиси эртага олий таълим муассасасига ўқишга кирганида фан докторларига ўзини қизиқтирган масала юзасидан савол беролмай довдирамайди. Институт ёки университетларда яратилган замонавий шароитлар, лаборатория жиҳозлари ва бошқаларни ўқишга киришидан олдин доимий кўриб, ўрганиб борган бўлса, ҳаммасини оддий қабул қилади ва осон ўзлаштиради. Ўқув йилининг ярмини, баъзида бутун бир курсни мактабда ўтилганларни такрорлаш билан ўтказиш каби даҳмазалар барҳам топади. Ёшларнинг кўникма ҳосил қилиш учун кетадиган вақти фикрлашга йўналтирилади. Ўзлаштирилган билим танқидий мулоҳазалар ва креатив ғояларга йўл очади. Ана ўшандагина биз ҳар жабҳада рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрладик, деб айта оламиз.
Барча таълим ташкилотларининг узвий ҳамкорлиги, айниқса, педагогика йўналишидаги олий таълим ташкилотлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки биз тайёрлаган мутахассислар эртага ишлаш учун мактабга, профессионал таълим муассасасига боради. Талаба йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида 1-курсдалигиданоқ мактабнинг, профессионал таълим муассасасининг ҳаётига қоришиб кетса, олий таълимни тугаллаган заҳотиёқ ўқувчиларга билим бериш учун тўрт йиллик тажрибага эга бўлган педагог сингари ишга киришади. Ишни нимадан бошлашини билмай эсанкираб қолмайди.
Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун ҳудуддаги барча умумий ўрта ва профессионал таълим ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга, бунда нафақат Шаҳрисабз шаҳри ва тумани, балки Китоб, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи туманларидаги таълим муассасаларини ҳам қамраб олишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Айни пайтгача Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз ҳамда Китоб туманларидаги бир нечта мактаблар, ихтисослаштирилган мактаблар, Қамаши педагогика техникуми билан ҳамкорлик меморандуми имзоладик ва шу асосда амалий ишлар бошлаб юборилди.
Мазкур меморандумларга кўра, мактабларда ва профессионал таълим муассасаларидаги дарсларда 248 нафар профессор-ўқитувчимиз, фан ва соҳалар бўйича фалсафа докторлари ҳамда талабаларимиз доимий равишда фаол иштирок этишади. Уларнинг ўқув режа ва дастурлари институтимизнинг режа ва дастурларига мувофиқлаштирилади.
Ўқувчилар институтимиздаги лаборатория хоналари, IT-марказ ва замонавий жиҳозланган ахборот- ресурс маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Астрономия ўқув-илмий маркази” фаолияти билан нафақат доимий танишиб бориш, балки улардан самарали фойдаланиш имконига эга бўладилар.
Кафедралар қошида ташкил этилган 43 та тўгаракда талабаларимиз билан бирга мактаблар ўқувчиларининг ҳам бемалол иштирок этиши учун имконият яратилди. Мисол учун, институтимизда ташкил этилган тил ўрганиш курсларида бугун талабаларимиздан ташқари яқин атрофда истиқомат қиладиган 200 нафарга яқин ўқувчи немис тилидан сабоқ олмоқда.
Ишонамизки, таълим ташкилотлари ўртасида ўрнатиладиган бундай узвий ҳамкорлик малакали ва маҳоратли, сифатли кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлади.
Жамшид Шоназаров,
Шаҳрисабз давлат педагогика
институти ректори вазифасини бажарувчи.
ЎзА