Халқаро ҳамкорлик ва рақамли технологиялар – аграр тараққиёт омили
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Indorama Group” компаниясининг Евроосиё бизнеси директори Пракаш Кейривал билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлиги ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Учрашувда пахта етиштириш жараёнларини такомиллаштириш, пахта ҳосилини йиғиб олишда шаффофликни таъминлаш ҳамда ушбу йўналишда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан жорий этилган ахборот тизимларининг самарадорлиги, уларнинг ҳосилни йиғиб олиш жараёнларини назорат қилиш, маълумотлар шаффофлигини ошириш ва иш жараёнларини тизимли ташкил этишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Томонлар Тошкентда Халқаро пахта куни муносабати билан ўтказилган халқаро форум ва конференциялар пахтачилик соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, жаҳон пахта бозоридаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлганини таъкидлашди.

Учрашув аграр соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пахтачиликда замонавий бошқарув усуллари ва рақамли ечимларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга қаратилди.
Маълумот ўрнида, “Indorama Group” билан ҳамкорликда ташкил этилган “Indorama Agro” корхонаси 2018 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда. Корхона пахта ва ғалла етиштириш, шунингдек, уларни қайта ишлашга ихтисослашган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА