Ҳуқуқий ислоҳотлар жамият тараққиётига хизмат қилади
Бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ишларини кўриш сифатини ошириш ва одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада қонунчиликка киритилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ва уларни суд амалиётига самарали татбиқ этиш долзарб вазифалардан биридир.
Шу мақсадда Тошкент вилояти маъмурий судида тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш, медиация, кредит низолари ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда вилоят маъмурий суди раиси Д.Каримов Ўзбекистон Республикасининг мазкур жараёнларга оид тегишли қонуни мазмун-моҳияти, унда белгиланган янги ҳуқуқий механизмлар ва уларнинг суд амалиётидаги аҳамияти юзасидан маъруза қилди ҳамда тақдимот ўтказди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳуқуқий янгиликлар билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, суд жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва процессуал кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор янгиликлар назарда тутилган.

Жумладан, ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий органлар қарорлари ҳамда ҳаракатларининг қонунийлигига бўлган асосли ишончини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Дастлабки эшитув институти эса ишни суд муҳокамасига пухта тайёрлаш, тарафларнинг талаб ва эътирозларини аниқлаштириш, далилларни тақдим этиш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш имконини беради.
Шунингдек, экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш орқали қонунда белгиланган ҳолларда ишни кўрадиган судни автоматлаштирилган тизим асосида аниқлаш имконияти белгиланган. Мазкур ёндашув суд ишларини тақсимлашда холислик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Қонунда маъмурий орган мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида иштирокини таъминлашга доир процессуал механизмлар, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни суд муҳокамаси жараёнида аниқлаш ва улар юзасидан тегишли чоралар кўриш имкониятлари ҳамда давлат божини қайтариш асосларини кенгайтириш билан боғлиқ қоидалар ҳам назарда тутилган.
Ушбу янгиликлар судга мурожаат қилиш жараёнини янада қулайлаштириш, низоларни ҳар томонлама ва холис кўриб чиқиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ортиқча вақт ва молиявий харажатларини камайтиришга қаратилган. Масалан, дастлабки эшитув жараёнида суд тарафларнинг ҳуқуқий позицияларини аниқлаштириши, иш учун аҳамиятли далиллар доирасини белгилаши ва процессуал масалаларни ҳал қилиши мумкин. Бу эса асосий суд муҳокамасини пухта тайёрлаш, ишни мазмунан кўриб чиқишга сарфланадиган вақтдан оқилона фойдаланиш ва тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлашга ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, янги ҳуқуқий механизмларнинг самарали татбиқ этилиши одил судлов сифатини ошириш, суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
А.Мусаев,ЎзА