Халқ қабулхоналари энди фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги 58 фоизига ечим бериш ўрнига юзаки жавоб бериш билан чеклангани, умуман, бундай мисоллар барча вазирликларда борлиги қайд этилди.
Халқ қабулхоналари янги очилганида мурожаатларнинг 90-95 фоизи шикоят шаклида бўлган бўлса, ҳозирга келиб, 60-65 фоизга тушди.
– Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгариб, шахсий масалада эмас, маҳалласидаги шароитни яхшилаш юзасидан таклиф беришни афзал кўряпти. Лекин муаммоси ҳал бўлмаган одамлар раҳбарлар қабулини ташкил қилиб беришни Президентдан сўраяпти. Энди бу тизим ўзгаради. Ҳокимлар аризада кўтарилган масалани ҳал қилишнинг ўзи билан чекланмайди. Аксинча, муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан ишлаши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, соҳада янги тизим жорий қилиниб, Халқ қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлиши белгиланди.
ЎзА