Халқ дипломатияси ва ёшлар
Сўнгги йилларда ёшлар дипломатияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида кўп томонлама муносабатларнинг янги формати сифатида шаклланмоқда. Эслатиб ўтиш жоиз, ШҲТ Самарқанд саммити декларациясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаатномаси ва ушбу ҳужжат ижроси бўйича Ҳаракатлар дастури қоидаларини амалга ошириш асосида ёшлар ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлиги таъкидланган эди.
2025 йил Тяньцзиньда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашида Ўзбекистон етакчиси маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш муҳимлигини қайд этди.
Умуман, юртимиз ички ва ташқи сиёсатда давлатимиз раҳбари бошчилигида маърифат ва диний бағрикенглик масаласига ҳамда дунёда тинчлик ва конфессиялараро мулоқотни, турли миллат ва элатлар жипслигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бериб келади. Шу боис ёш авлод ўртасида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласи алоҳида илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.
Ушбу муштарак ғоялар амалий ифодаси сифатида ҳамда Ташкилот таъсис этилганининг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан “Зиё Форум” жамғармаси билан ҳамкорликда, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида “ШҲТ маконида яхши қўшничилик, маданият ва динлар хилма-хиллиги, маънавий қадриятларни сақлашга оид долзарб вазифалар” мавзусида ёшлар анжумани ташкил этилди.
Тадбирда экспертлар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олий ўқув юртлари бакалавр, магистрлари, Сенат ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, “Халқ дипломати” клуби фаоллари, ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида танланган мавзу батафсил муҳокама қилиниб, белгиланган вазифаларни ҳал этишда ёшларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ таклифлар билдирилди, тавсиялар ишлаб чиқилди.
Дастурдан “ШҲТ маконида яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг замонавий механизми”, “Маданий ва диний хилма-хилликни сақлаш, маънавий қадриятларни ривожлантириш” мавзуларидаги йиғилишлар ҳам ўрин олди.
Конференция қатнашчилари якдил қабул қилган махсус Резолюцияда ШҲТ ҳудудида маданий ва диний хилма-хиллик ҳамда маънавий қадриятларни асрашда ёшлар иштирокини кенгайтириш йўллари акс этган. Мазкур ҳужжат халқ дипломатияси йўналишидаги амалий чора-тадбирлар учун “Йўл харитаси” вазифасини ҳам ўтайди. Тажриба алмашиш, турли мамлакатлар ёшлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашади.
Тадбир якунида Марказ ҳамкорлари – халқ дипломатиясини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ёшларга “Халқ дипломати” кўкрак нишони топширилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА